Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов 2024 йилнинг 12 январь куни Навоийда Даулетмурат Тожимуратов билан учрашди. Бу ҳақда у Facebook саҳифасида маълум қилди.

Ташановга кўра, маҳкумнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолатдан эътирози йўқ. У ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмидан норози, келгусида ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашни давом эттирмоқчи.

«Даулетмурод аввалига ўзини бироз асабий тутди. Декабрнинг 25-сида уни жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузганликда айблашибди. Мен унга буни ҳуқуқий йўл билан бартараф қилинг, ахир сиз ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгансиз, судга беринг, дедим. Кўнди. Сўнг ўзига хат ва бандеролларнинг кечикиб келаётганидан, ўзининг хатлари ташқарига чиқиши қийин бўлаётганидан шикоят қилди» — дейди Ташанов.

Ташанов қайд этишича, Тожимуратов ўзига нисбатан адвокатлари томонидан илгари сурилаётган қийноқ иддаоларини изоҳларкан, ўзининг дастлабки терговлар даврида сочининг мажбурий олиниши жараёнида ходимларга фаол қаршилик кўрсатгани, ўз навбатида ходимлар ҳам у билан зиддиятга бориб, жисмоний куч ишлатганини таъкидлаган. Бошқа конкрет қийноқ ҳолатлари бўйича гапирмади.

«Даулетмурод колония раҳбарларини жуда яхши одамлар, улар билан муносабатларим жуда яхши, деди. Лекин ҳамма нарса уларнинг қўлида эмас, мен жазони ижро этиш тизимини ўзгартириш бўйича кўп таклифлар беряпман, боиси қонунчиликда маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар қаттиқ тартибли колонияларда ҳам, умумий тартибдагисида ҳам, узоқ муддатга қамалган ва енгилроқ жазолиларга ҳам бир хил, деди. Маҳкумларнинг ош-овқатини яхшилаш, бошқа шароитларни тузатиш бўйича кўп гапираман, деди. Нега менга ўқишга китоблар олиб келмадингиз? деди у» — дея ёзган Ташанов.

Унинг таъкидича, колонияда маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар даврида назорат ҳаддан ташқари кучли, бу эса маҳкумлар ҳуқуқини камситишдек кўринади. «Колония маъмуриятини қонунлардан оғишмаслик, уларга қаттиқ риоя қилишга чақирдим. Илло, ҳамманинг кўнглини бир хилда топиш қийин, бу ерда ягона устуворлик фақат қонун-қоидаларга амал қилишга берилиши керак» — дейди Абдураҳмон Ташанов.

Эслатиб ўтамиз, Даулетмурат Тажимуратов 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Январь ойида биринчи инстанция суди уни бир қатор айбловлар, жумладан, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун тил бириктириш ва оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбдор деб топди. Апелляция суди июнь бошида ҳукмни ўз кучида қолдирди. Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров апелляция суди қарорини «адолатсиз» ва «ноқонуний» деб атади.