Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 25 январдаги йиғилишида асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди, деб хабар қилди регулятор матбуот хизмати.

«Иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутиламаларни инобатга олиб асосий ставка даражаси ўзгаришсиз қолдирилди. Прогнозларга кўра, инфляция йил якунида 8−9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган.

«Умумий инфляция сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолди. Истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашди. Бу эса келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади», — дейди таҳлилчилар.

Иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг юзага келиши ва сақланиб қолаётгани, юқори талаб шароитларига айрим таклиф компонентларининг тўлиқ мослаша олмаётгани билан изоҳланади, дея изоҳ берди Марказий банк.

Бундан ташқари, сўнгги сўровлар натижаларига кўра, сезилган инфляция ва инфляцион кутилмалар юқори даражаларда сақланиб қолмоқда.

2023 йилда иқтисодий ўсишнинг 6 фоизгача тезлашишига, асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг юқори суръатда ўсиши муҳим аҳамият касб этди. Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг ижобий динамикаси, фискал рағбатлантиришларнинг юқори бўлганлиги ва пул ўтказмалари иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлди, дея таъкидлади Марказий банк.

Регулятор жаҳон иқтисодиётдаги қатъий молиявий шароитлар, меҳнат бозорларининг мувозанатлашиши ва хомашё товарлари нархларининг пасаювчи динамикаси таъсирида глобал инфляциянинг жорий йилда ҳам секишлашишда давом этишини кутмоқда.

«Савдо ҳамкорлардаги жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги тахмин қилинмоқда», — дейди Марказий банк таҳлилчилари.

Банк тизимида ликвидликдаги таркибий профицитнинг қисқариб бориши билан бир қаторда пул бозорида операцияларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Пул бозоридаги қисқа муддатли фоиз ставкаларининг 2024 йил давомида ҳам монетар операцияларни фаол қўллаган ҳолда фоиз коридори доирасида шаклланиши учун шароит яратиб борилади, дейилади хабарда.

Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори ижобий реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг ўсувчи динамикаси сақланиб қолиши кутилмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8−9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7−8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий йилда макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.

Шу билан бирга, айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, акциз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, асосий ташқи хатарлар, глобал фрагментациянинг кучайиши ва юқори глобал инфляцион жараёнларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлади.

2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5−6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бир томондан, истеъмол талаби бўлса, иккинчи томондан, таркибий ислоҳотлар таъсирида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳажмининг ошиши бўлади, деб таъкидлади Марказий банк.

Марказий банк асосий ставка бўйича келгуси қарорларини умумий инфляциянинг янгиланган прогнозларидан келиб чиқиб қабул қилади ва инфляциянинг 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаб боради, деди регулятор. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь ойида ушбу мақсадга эришиш 2025 йилнинг иккинчи ярмига қолдирилганди.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 14 мартга белгиланган.