24 январь куни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги электромобиль автосалонида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Соат 20:17 да ФВБга туманнинг «Шаббаз» овулидаги Тўрткўл шох кўчасида жойлашган автосалонида ёнғин бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Шундан сўнг 3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 20:23 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 20:48 да ўраб олинган ва соат 21:08 да ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида автосалоннинг 90 квадрат метр майдонининг том қисми ва бир дона BYD автомобили ёниб зарарланган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади, дейилади хабарда.