Пайшанба куни тушдан кейин бошланган ёмғирдан сўнг Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда PM2,5 зарралари (диаметри 2,5 микрометргача) билан ифлосланиши эрталаб соат 8:00 даги «зарарли»дан 17:00 даги «ўртача»га камайди, деб хабар берди Ўзгидромет.

Соат 16:00—17:00 оралиғида PM2,5 миқдори Ўзгидромет жойлашган Бодомзор йўли кўчаси ҳудудида 28 мкг/м3 ни, Халқлар дўстлиги майдонида 23 мкг/м3 ни ташкил қилди.

Эрталаб соат 8:00 да шаҳарда PM2,5 нинг ўртача даражаси 104,8 мкг/м3 ни ташкил этганди, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан 20,9 марта (5 мкг/м3) ортиқроқ. Чоршанба куни соат 20:00 да кўрсаткич 59,8 мкг/м3 ни ёки ЖССТ тавсия қилганидан 11,9 баравар юқори даражани ташкил этганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда атмосфера ҳавосидаги PM2,5 заррачалари миқдори бўйича стандарт мавжуд эмаслиги, шу сабабли мутахассислар томонидан миллий стандартлар ишлаб чиқилаётгани хабар қилинган эди. Амал қиладиган мамлакатларига қараб, стандартлар бир-биридан фарқ қилади.