22−23 январь кунлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида биринчи Ўзбекистон-Хитой таълим форуми бўлиб ўтди. Тадбир давомида экрандаги ёзувлар ҳамда кўргазмаларда ўзбек тили эмас, балки рус тилидан фойдаланилгани Ўзбекистондаги жамоатчилик фаолларининг эътиборига тушди.

ўзбек тили, ўзбекистон-хитой таълим форуми

«Хитойда рус тили иккинчи давлат тили деб эълон қилинибди. Тина Канделакининг гапларидан [бу ҳақда ёзгандик — таҳр.] қўрқиб кетишган, шекилли», — дея пост қолдирди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов юқоридаги фикрга жавобан бундай деди:

«Бу — Хитойда рус тилининг иккинчи давлат тили деб эълон қилиниши эмас, Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили эканини Ўзбекистон давлат хизматчилари унутиб қўйиши, шекилли».

Жалиловнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳужжатлар (шу жумладан, баннерлар ҳам) икки давлатнинг расмий тилларида қайд этилиши керак, учинчи бир давлат тилида эмас.

«Айниқса, бу (учинчи) давлат вакиллари расмий ОАВ орқали бутун бошли миллатнинг мавжуд (бўлган)ини инкор қилишни ўзларига эп билишса», — дея қўшимча қилди у.

Вазирлик нима дейди?

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, форумнинг расмий тили хитой ва рус тиллари бўлган.

«Форумга таржимонларни Хитой тарафи ташкил қилган. Форум бир нечта сессиялардан иборат бўлди. Қулайлик нуқтаи назаридан форумнинг расмий тиллари сифатида хитой ва рус тиллари этиб белгиланди», — дея тушунтириш берди вазирлик матбуот хизмати.

Форум ҳақида

Тадбирда Ўзбекистон томонидан 37 та, Хитой томонидан эса 110 та етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди. Форум давомида икки давлат ОТМлари ўртасида 70 та ҳужжат имзоланди. Жами 5 та ОТМ ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Жараён давомида Ўзбекистон-Хитой университетлари ўртасида олий таълим ва илм-фан йўналишидаги алоқаларни жадаллаштириш, ўзбекистонлик талабаларнинг хитой тилини чуқурроқ ўрганишлари учун имкониятларни кенгайтириш, таълимда сунъий интеллектни жорий этиш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамлаштириш, кимё саноати йўналишларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, стажировка ўташ, спин-офф корхоналарини ташкил этиш, технологиялар трансферини амалга ошириш, Хитой технологик парклари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.