Маданий мерос агентлиги «Шарқ» нашриёти бинолари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилиши тармоқларда кенг муҳокама қилингани ортидан ОАВ билан учрашув ташкил этди ва масъуллар вазиятга изоҳ берди.

Хусусан, Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримовнинг сўзларига кўра, «Шарқ» нашриёт-матбаа бинолари хусусийлаштириш зарурати туфайли моддий маданий мерос объектлари миллий реестридан чиқарилган. Гап 1914−1983 йиллар оралиғида уч гектар майдонда қурилган 14 та бино ва иншоотдан иборат мажмуа ҳақида бормоқда.

«„Буюк Турон-41“ манзилида бинолар мажмуаси мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил октябрдаги қарорига биноан у маданий мерос объектлари реестрига тўлиқ киритилган ва қонунга биноан маданий мерос объектини хусусийлаштириш мумкин эмас», — дейди Баҳодир Абдикаримов.

«Шарқ» биноларини маданий мерос объектлари реестридан чиқариб ташлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли қарорида кўзда тутилган, бу оммавий равишда эълон қилинмади. Баҳодир Абдикаримов нима учун маданий мерос тақдири ёпиқ ҳужжат билан ҳал қилингани ҳақидаги саволга жавоб бермади ва бу масала унинг ваколатига кирмаслигига ишора қилди.

шарқ

Баҳодир Абдикаримов.

У 2023 йил сентябрь ойидан бери илмий экспертлар кенгаши йиғилишларининг оммавий баённомалари йўқлигини агентликда бўлган ўзгаришлар билан изоҳлади.

«Биз бошқа бинога кўчиб ўтдик, доменларимиз ўзгарди. Тез орада сайтни қайта ишга туширамиз ва ечимларимизни эълон қиламиз. Муаммо бирор нарсани яшириш билан боғлиқ эмас», — дея таъкидлади Абдикаримов.

Маданий мерос агентлиги директори хусусийлаштиришда талабгорга тарихий аҳамиятга эга биноларни ва уларнинг ташқи кўринишини сақлаб қолиш шарти қўйилишини қўшимча қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, ўтган йилнинг октябрь ойида масъуллар, илмий экспертлар кенгаши аъзолари, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Шарқ» АЖ ходимларини ўз ичига олган ишчи гуруҳ мажмуа биноларини тарихий ва маданий экспертизадан ўтказган. Мутахассислар объектларнинг аксарияти ёмон аҳволда ва тўлиқ реконструкция қилишни талаб этади, деган хулосага келган.

шарқ
«Шарқ» нашриёти мажмуасининг 16-қаватдан кўриниши.

Экспертиза натижаларига кўра, 3 гектар ҳудудда тарихий ва маданий аҳамиятга эга бинолар ҳам аниқланди. Булар — меъмор Ричард Блез томонидан илгари маданий мерос объектлари реестрига киритилмаган 16 қаватли бино, Буюк Турон ва Бухоро кўчалари чорраҳасидаги (Алишер Навоий номидаги театр рўпарасида) тўрт қаватли «L» шаклидаги бино, шунингдек, шаҳар ҳудудидаги бинолардан бири.

шарқ
Буюк Турон кўчасидаги бино.

Абдикаримовнинг сўзларига кўра, хусусийлаштириш жараёни тугагандан сўнг ушбу тузилмалар муҳофаза қилинадиган объектлар мақомига қайтарилади ва келажакда барча қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишлари Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши керак.

«Бу ерда хусусийлаштириш масаласи бор. Бу объектларни йўқ қилиш ҳақида гап йўқ, у (ЎзА биноси — таҳр.) бутун шаҳар ва Ўзбекистоннинг ўзига хос белгисидир. У сақланади. Собиқ МХХ биносининг ҳикояси (собиқ МХХ биноси ҳам аввал хусусийлаштириш учун маданий мерос объектлари реестридан чиқарилган ва ўтган ёзда бузиб ташланганди — таҳр.) бунда такрорланмайди», — деди Баҳодир Абдикаримов.

Унинг сўзларига кўра, агентлик «Шарқ» нашриётининг биносини ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектларининг дастлабки рўйхатига киритган.

«Шарқ» нашриёти корхонаси раҳбари Отабек Ғуломовнинг изоҳи:

«Шарқ» нашриёт матбаа корхонасида 300 нафардан зиёд ходим ишлайди. Бу ерга ўзим 17 ёшимда, мактабни битирганимдан кейин ишга келганман. Мен учун ҳам бу маданий ҳудуд, лекин бу ерда ишловчиларнинг иқтисодий муаммолари, қолаверса, солиқлар тарафи ҳам бор. Шу сабабли шундай хулосаларга келинди. Ўйлашимча, биздан кейин шу ерда кичик музей ҳам бўлса керак.

Корхонамиз — Ўзбекистондаги нашриёт-матбаачилик соҳасидаги энг қадимги ва танилган ташкилот. Корхона акцияддорлик жамияти бўлгани билан биргаликда унинг 95 фоиз акциялари давлатники. 2000-йиллардан бошланган хусусийлаштириш дастурлари асосида бизнинг корхонада ҳам бу масала ҳар йили кўриб келинарди. Менимча, масала энди поёнига етяпти, шекилли. Охирги 2−3 йилда ҳукуматга чиқиб, мурожаат қилганмиз. Олдинги ҳажмда ишламаётган корхона учун бизнинг майдонимиз жуда катта, бунда Давлат активлари билан бирга ҳисоб-китоб қилдик, иқтисодий масалаларни кўриб чиқдик. Аҳамият берган бўлсангиз, шаҳар марказида биргина бизнинг ишлаб чиқариш корхонамиз қолди. Китоб-дафтар, газеталарни босиб чиқарамиз. Бошқа корхоналар қолгани йўқ. Бу — 2000 йилдан бери хусусийлаштириш дастурлари борасида давом этиб келаётган ишлар.

2−3 йил давомида ўзимизга мос келадиган майдон қидириб, ҳукуматга шундай мурожаат қилдик. Охири Янги Хирмонтепа кўчасидаги 1-уй маркази бизга маъқул келди. Бизга, энг асосийси, давлат корхонасини сақлаб қолиб, ҳозирги замонавий модернизация дастурлари, йўл хариталари тузилганидир.

Корхонага келадиган бўлсак, ярим ёки бир йил ичида бу корхонадан кўчамиз. Матбуотчилар уйи ҳам бузилаётгани йўқ, реконструкция қилинмоқда. Барча нашрларни кейинчалик ўша ерга йиғиш мақсад қилинган.

шарқ

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Акмалхон Ортиқовнинг айтишича, корхона матбаа фаолияти билан шуғуллангани ва молиявий ва иқтисодий масалалар, бошқа ихчамроқ ҳудуд сўраб, ҳукуматга мурожаат қилган.

«Уларга мос бино топиб берилган ва эски бино хусусийлаштириш учун қўйилган. Лекин бир савол чиқдики, ҳудуд Маданий мерос агентлиги рўйхатига киритилган, 16 қаватли Миллий ахборот агентлиги ва Алишер Навоий номидаги театр ёнидаги бино қисмларининг тарихий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, умумий 3 гектар ҳудуд реестрга киритилган. Бу ердаги ишлаб чиқариш комплексларининг эса маданий мерос сифатида аҳамияти йўқ. Шунинг учун бу умумий ҳудудда рўйхатдан чиқариш керак. Корхона ҳудуди 3 гектар маданий мерос объекти ичига кириб қолган. Унинг рўйхатга киришининг ўзи хато бўлган», — деди у.

шарқ

Марказда Акмалхон Ортиқов.

Хусусийлаштириш жараёнига келадиган бўлсак, бу жараён давом этяпти. Уни очиқ эълон қилганмиз ва кейинги босқичларда талабгорлардан келиб тушган таклифлар кўриб чиқилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борамиз, деди Давактив раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, корхона фаолиятини молиявий соғломлаштириш учун эски бинони сотишдан тушган маблағлар нашриётган янги технологиялар харид қилиш ва, умуман, ишлаб чиқаришга ёрдам беришга сарфланади, қолган пуллар давлат бюджетига йўналтирилади.