Ягона умумреспублика процессинг маркази Uzcard тизими фаолиятида вақтинчалик узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берди.

Фойдаланувчиларнинг хабар беришича, мобил иловаларда Uzcard орқали тўловлар ишламаяпти, картадаги маблағлар қолдиғи эса кўринмаяпти.

Компания 22 январь куни соат 00:30 дан 10:00 гача техник ва профилактика ишлари олиб борилаётганини таъкидлади. Дастлаб иш соат 3:30 га қадар якунланиши кутилаётганди. Кейинчалик компания бу вақтни 9:00 гача узайтирганди.

«Ягона умумреспублика процессинг маркази техник ва профилактик ишлар олиб борилиши сабабли ATM, E-POS, POS-терминалларда алоқа уланишида қисқа муддатли узилишлар, Uzcard инфратузилмасида халқаро тўлов тизимлари карталарига ҳамда хорижда кобейж карталарига хизмат кўрсатилишида узилишлар эҳтимоли ҳақида маълум қилади», — дейилади хабарда.

Тўлдириш

Uzcard соат 10:00 да профилактика ишлари якунлангани ҳақида хабар берди.

«Барча процессинг сервислари одатдагидек ишламоқда, мобил иловалар фаолияти ҳамда Uzcard карталари билан барча операциялар тўлиқ тикланди», — дейилади тизим маълумотида.