Тошкент шаҳрида жамоат автобусларининг ҳаракат хавфсизлигини назорат қилувчи ходимларга махсус хизмат машиналари бириктирилди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мазкур хизмат ходимлари автобус ҳайдовчиларининг белгиланган тартиб асосида фаолият юритишини назорат қилади. Шу пайтгача уларда махсус маёқчали машина ва хизмат формаси бўлмаган, дея тушунтирди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ходимларга жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, бартараф қилиш чораларини кўриш мақсадида махсус маёқчали хизмат автомашиналари билан бирга нур қайтарувчи нимча, фавқулодда ҳолатни англатувчи белги ҳамда жезл (таёқча) топширилди.

Ҳозирда 8 та автобус саройи филиалида Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими ташкил этилган. Компания мазкур автомашинада хизмат кўрсатувчи ходимлар фақатгина автобуслар ҳаракатини назорат қилишини эслатиб ўтди.

«Тошшаҳартрансхизмат» инспекторлари йўл ҳаракати қоидаларини бузган жамоат транспорти ҳайдовчиларига нисбатан баённомалар тузиш ваколатига эга. Шу билан бирга, агар улар автобус йўлакларида машиналар тўхтаб тургани ёки ҳаракатланаётганини кўрса, бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекциясига хабар бериши керак. Келгусида инспекторларнинг хизмат автомашиналарига видеорегистраторлар ҳам ўрнатилади.