Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 январдаги фармони билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги негизида Спорт вазирлиги ташкил этилди. «Газета.uz»да ҳужжатнинг нусхаси бор.

Ёшлар ишлари агентлиги эса Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидан Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.

Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Спорт вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ҳузурида, Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳузурида маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғарма сифатида фаолият юритади.

Cпорт соҳасига ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан барпо этиладиган ёшларга оид инфратузилмалар, спорт объектлари ва иншоотларининг лойиҳа ҳужжатлари тегишлича Спорт вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан мажбурий равишда келишилади.

Спорт вазирлиги Тошкент шаҳри Абдулла Қодирий кўчаси 2-уй манзили бўйича, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳри, Алишер Навоий кўчаси 11-уй манзили бўйича жойлаштирилади.

Қуйидагилар Спорт вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:

  • спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унда иштирок этувчи давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳада қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • соҳага оид комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда спорт соҳасида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш;
  • аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, спорт таълими тизимини такомиллаштириш, спорт турлари бўйича юқори натижадор спортчилар захирасини яратиш;
  • Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, нуфузли халқаро мусобақаларда спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш;
  • спорт инфратузилмасини модернизация қилиш, соҳани босқичмабосқич рақамлаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
  • спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномалар тайёрлаш, тузиш ва бажариш ҳақида таклифлар тақдим этиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкил этиш.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган эди.

2022 йил февраль ойида Туризм ва спорт вазирлиги Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлигига бўлинган. Ўша йилнинг декабрь ойида маъмурий ислоҳот доирасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тузилди.