15 январь куни президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Брюссель шаҳрида Европа комиссияси президенти ижроия аппаратининг сиёсий мувофиқлаштириш ва бошқарув бўйича директори Живка Петкова билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Томонлар 2022 йил 6 июлда парафирланган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲБ) тезроқ имзолашдан манфаатдор эканликларини билдирди.

Мулоқотда Ўзбекистон-Европа муносабатларини янада чуқурлаштириш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

«Живка Петкова Ўзбекистон томонининг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2024 йилда Самарқандда Халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди», — дейилади хабарда.

Учрашувда муҳим хомашё соҳасида, тегишли меморандум тузиш орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарблиги таъкидланди.

Томонлар икки томонлама ва минтақалараро характердаги бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини ҳам муҳокама қилди.