Чоршанба куни Тошкентда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. «Газета.uz» унинг раислигига бунга қадар Президент администрацияси ҳузуридаги Ёшлар сиёсати департаментига раҳбарлик қилган Қаҳрамон Қуронбоев сайлангани ҳақида ёзди.

Анжуманда иштирокчиларнинг маҳалла фаолларига мурожаати қабул қилинди. Унда айтилишича, маҳалланинг «жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи янада мустаҳкамланиб, у аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатишнинг адолатли ва таъсирчан институтига, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатадиган, одамларга энг яқин халқчил тузилмага, чинакам халқ виждонига»га айланиб бормоқда. Маҳаллалар фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди. Алоҳида эътибор берилиши керак бўлган олтита устувор йўналиш санаб ўтилди.

«Ана шу вазифаларни амалга ошириш биз учун нафақат мажбурият, балки муқаддас бурчимиздир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизни равнақ топтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, одамларимизни ҳаётдан рози қилиш йўлида муҳтарам президентимизга таянч ва суянч бўлайлик!» — дейилади мурожаатда. Қуйида ундан парчалар келтирилган.

Маҳалла фаолларига мурожаатдан парчалар

  • Барчамиз учун муқаддас ватан, аввало, ўз уйимиз, маҳалламиз остонасидан бошланади. Ҳаммамизнинг ҳаётимиздаги яхши ва беғубор дамлар, ташвишли кунлар, тақдиримиз ва келажагимиз ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган ана шу идора билан бевосита боғлиқ. Муҳтарам gрезидентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаб айтганларидек, маҳалла тинч бўлса — юртимиз тинч, маҳалла обод бўлса — бутун мамлакатимиз обод ва фаровон бўлади.
  • Охирги 7 йилда тизимни такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини, барча соҳа ва йўналишлар бўйича «маҳаллабай» ишлаш усули кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бераётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
  • Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугунги кунда ҳамма иш маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилинмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилмоқда, унга қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу — албатта ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар — давлатимизнинг энг катта замини.
  • Маҳалла идорасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи янада мустаҳкамланиб, у аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатишнинг адолатли ва таъсирчан институтига, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатадиган, одамларга энг яқин халқчил тузилмага, чинакам халқ виждонига айланиб бормоқда.
  • Бугунги кунда бутун мамлакатимиз каби маҳаллаларимиз тараққиётида ҳам янги давр бошланмоқда. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган юксак мақсад ва вазифалар асосида маҳалла тизимида ҳам кенг кўламли ишларни амалга ошириб, фаолиятимизни янги сифат босқичига кўтаришимиз лозим.
  • Инсон қадри, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, миллатлараро дўстлик ва тотувлик, маънавият ва маърифат, маданият ва санъат, спорт ва илм-фан ривожи, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аввало, маҳалладан бошланади.
  • Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда маҳаллаларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур. Навқирон авлод вакилларининг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини ошириш, улар ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун биринчи навбатда маҳаллаларда қулай муҳит ва шароитлар яратиш ўта муҳим вазифамиздир.
  • Бизнинг бу борадаги иштирокимиз, аввало, бир-биримизга, қўни-қўшниларга, кўчамизда, маҳалламизда униб-ўсиб келаётган болалар тарбиясига бефарқ бўлмасдан, жон куйдиришда, том маънода «ҳар бир болага ҳам ота, ҳам она, ҳам устоз, ҳам тарбиячи» бўлишимизда намоён бўлади. Айниқса, миллий маънавиятимизга қарши қаратилган бузғунчи ҳаракатларга қарши курашиш ва маҳаллада ахлоқий-тарбиявий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳтарам отахон ва онахонларимиз, фаол кўча ва уй бошлиқлари, имом-хатиб ва отинойилар, зиёлиларимиз ва тадбиркорларимизнинг фидойилиги катта аҳамиятга эга.
  • Бугун баъзи гуруҳлар орасида кузатилаётган диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши ва улардан устун қўйиш ҳолатларига, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаётган кишиларга, кўп хотинлик, аёл киши ишламасдан уйда ўтириши, ўқимаслиги керак, деган сохта «даъват»ларга қарши биз курашмасак, ким курашади?
  • Маънавий таҳдидларга қарши курашни, аввало, оиламиздан, маҳалламиздан бошлашимиз зарур. Бу борада маҳалла фаоллари ва жамоатчилик тузилмалари фаол бўлмоғи лозим. Ўзимиз, фарзанд ва набираларимиз ҳаёти ҳамда келажагига дахлдор бундай масалаларда энди «ухлаб ўтириш», лоқайд бўлишга асло ҳаққимиз йўқ.
  • Ёшлар билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларига ечим топиш, жумладан, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ҳарбий хизматга муносиб мард ва ботир йигитларни тарбиялашга эътибор қаратиш маҳалла фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши шарт. Бу борада тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз лозим.
  • Президентимиз белгилаб берган тўғри йўлда энди ташаббус кўрсатиш, турли иллатларга қарши курашишдан уялиб, тортиниб ўтириш бизга ярашмайди. Дадил бўлайлик, сўзимиз ва ишимиз ҳам кескир бўлсин! Агар барчамиз бирлашиб, хавф-хатар ва муаммоларни енгмасак, улар бизни енгади. Биз бирлашмасак, бузғунчи кучлар бизга қарши бирлашади. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
  • Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган ижтимоий муаммолар мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтирайлик! Ёшларимизнинг «онлайн қимор», «тармоқдаги ўғрилик», фирибгарлик каби иллатларга берилиб, жаҳолат қурбонига айланишига йўл қўймайлик!
  • Тўй-ҳашамлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликка чек қўяйлик!
  • Агар сидқидилдан ҳаракат қилсак, маҳалланинг қурби етмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Маҳалламиздаги жамоатчилик тузилмалари, «Маҳалла назорати» ва «Кексалар маслаҳати» гуруҳларига, «Оқила аёллар» ҳаракатига энг фаол ва жонкуяр фаолларни жалб этиб, уларни эзгу мақсад йўлида сафарбар этсак, ҳар қандай муаммони албатта ҳал қиламиз.
  • Бугунги кунда қуйидаги устувор масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:
  1. Авваламбор, «Боланинг бегонаси бўлмайди!», «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она», «Менинг маҳаллам, менинг кўчам тинч ва тоза, жиноятчиликдан холи маҳалла, кўча!», «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!», «Мен маҳалламга бефарқ эмасман!» каби эзгу шиор ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак.
  2. Иккинчидан, маҳаллаларда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги зарур — етим-есирлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қарияларни қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлиши шарт.
  3. Учинчидан, уйма-уй юриш, ҳар бир оиланинг турмуш тарзидан хабардор бўлиш, оилалар фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолида томорқа маданиятини юксалтиришга эътиборни кучайтиришимиз лозим.
  4. Тўртинчидан, нотинч, ажралиш ёқасида турган оилалар, жиноят содир этишга мойил ёки аъзолари ўз жонига суиқасд қилган, узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган, жазони ижро этиш муассасаларидаги фуқароларнинг оилалари билан мунтазам ишласак, яхши натижага эришамиз.
  5. Бешинчидан, оила ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, тўй-ҳашамларни дабдабадан холи, ихчам ва камхарж ўтказишга кўпни кўрган нуронийларимизни кенг жалб этиб, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишимиз зарур.
  6. Олтинчидан, маҳаллада жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишимиз зарур. Қонун ҳужжатлари, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, фуқаролар йиғинларининг қарорлари ижросини назорат қилиш, корхона ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш каби йўналишлар бўйича тизимли жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишимиз керак.
  • Президентимизнинг «Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмайди», деган сўзлари фаолиятимизда дастуриламал бўлиши лозим.
  • Ҳеч қачон унутмайлик, ана шу вазифаларни амалга ошириш биз учун нафақат мажбурият, балки муқаддас бурчимиздир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизни равнақ топтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, одамларимизни ҳаётдан рози қилиш йўлида муҳтарам Президентимизга таянч ва суянч бўлайлик! Шу йўлда «Менинг маҳаллам — менинг истиқболим — менинг тақдирим», деган тамойил ҳаётий шиоримизга айлансин!