Президент раислигида 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда чегарадаги барча назорат функциялари Божхона қўмитасига ўтказилиши маълум қилинди.

Ҳозирда мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти чегарада 4 та идора, яъни, божхона, карантин, СЭС ва ветеринария органлари томонидан назорат қилинмоқда. Талаб этиладиган барча сертификат ва рухсатномалар эса тўлиқ рақамлашган, назоратчи ходимлар ҳужжатлар бор-йўқлигини текширади, холос. Шу сабабли чегарадаги барча назорат функциялари Божхона қўмитасига ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, икки йил олдин товарларни божхона режимида қайта ишлаш бўйича янги тартиб жорий қилинганди. Йиғилишда ўтган даврда 254 та корхона ушбу тизимда ишлашни бошлагани натижасида 1,1 млрд долларлик экспорт бўлгани таъкидланди.

Шундан 83 фоизи Андижон, Бухоро, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар ҳисобига тўғри келади. Лекин Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмда бундай экспорт 10 млн долларга ҳам етмаган. Президент бу ҳудудлар раҳбарлари божхона режимида қайта ишлаш ҳисобидан 500 млн доллардан экспортни таъминлаши зарурлиги таъкидлади.

Қайд этилишича, мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, Японияга 58 турдаги мева-сабзавотга фитосанитар рухсат олингани билан 52 тури бўйича, Ҳиндистонга 38 тадан 32 таси, Покистонга 22 тадан 18 таси, АҚШга 15 тадан 11 таси бўйича экспорт амалга оширилмаган.

Президент, шунингдек, ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ўртасида маҳсулотлар экспортини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик йўқлиги танқид қилди. Эндиликда агентлик нафақат фитосанитар рухсат олиш, балки қишлоқ хўжалиги экспортини ташкиллаштириш учун ҳам масъул бўлади.