18 январь куни тонгда тушган қалин туман (кўриниш 250 м) Тошкент аэропорти фаолиятини чеклаб қўйди. Кўриш масофаси пасайиши сабабли бир қатор рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Хусусан, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY602 (Москва — Тошкент) рейси пойтахт аэропортига қўна олмади. Экипаж Тошкент вақти билан соат 05:20 да Самарқанд аэропортига қўнди.

Маҳаллий вақт билан соат 05:19 да ҳавога кўтарилган компаниянинг яна бир HY9613 (Москва — Тошкент) рейси йўловчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли соат 06:42 да Урганч аэропортига қўнди.

Компаниянинг HY708 рейси (Владивосток — Тошкент) эса соат 07:03 да, Centrum Air авиакомпаниясининг C67704 (Жидда — Тошкент) рейси соат 07:52 да Самарқанд аэропортига қўнишни амалга оширди.

«Россия» авиакомпаниясининг SU6971 (Тошкент — Санкт-Петербург) рейси маҳаллий вақт билан соат 10:05 да Фарғона аэропортига қўнди.

Panorama Airways авиакомпаниясининг 5P5366 ва 5P362 (Мадина — Тошкент) рейси ҳам Самарқанддаги муқобил аэродромга 10:21 да қўнишни амалга оширди.

Шунингдек, Ўш (Қирғизистон) аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Қувайтдан учаётган Jazeera Airways авиакомпаниясининг J9653 рейси Намангандаги муқобил аэродромга жўнаб кетди. Самолёт Тошкент вақти билан соат 08:35 да Наманган аэропортига қўнди.

Парвозлар жадвалига киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни авиаташувчидан олишингиз мумкин, дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways қуйидаги рейслар кечикиб амалга оширилишини маълум қилди:

  • HY761/762 Тошкент-Олмаота-Тошкент;
  • HY709 Тошкент-Минск-Тошкент;
  • HY423/424 Тошкент-Деҳли-Тошкент;
  • HY231/232 Тошкент-Франкфурт-Тошкент;
  • HY9675/9676 Тошкент-Омск-Тошкент;
  • HY021/022 Тошкент-Бухоро-Тошкент;
  • HY9685/9686 Тошкент-Сочи-Тошкент.

Компания об-ҳаво шароити яхшиланиши билан ушбу рейслар белгиланган манзилга парвозларни амалга оширишини қўшимча қилди.