Йўл-транспорт инфратузилмаси ва атмосфера ифлосланишига доир масалаларнинг долзарблиги, ушбу мавзуларда кўплаб аҳоли мурожаатлари ва муҳокамалари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳокимлик, Toshkent Invest АЖ, Глобал экологик фонд (ГЭФ), Хитойнинг CRRC Group компанияси, БМТ ТД ва Транспорт вазирлиги вакилларининг иштирокида учрашув ташкил этилди, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги.

Йиғилишда жамоат транспортини такомиллаштириш, яшил ёқилғида ҳаракатланадиган транспорт воситалари улушини ошириш, микромобилликни кенгайтириш, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбир давомида «Тошкент шаҳрида кам углеродли транспортга инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш» лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа ГЭФ ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, пойтахтнинг энг гавжум кўчаларидан бири Шота Руставели кўчаси бўйлаб яшил транспорт йўлагини яратишни синов тариқасида таклиф қилмоқда. Лойиҳа ҳақида яқин кунларда «Газета.uz» батафсил маълумот беради.

Шунингдек, CRRC Group компанияси вакиллари ишлаб чиқарилаётган транспорт воситалари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, ғилдиракли трамвайларнинг афзалликлари, қулайлиги, самарадорлиги ва сиғими ҳақида сўз юритилиб, уларни пойтахт транспорт тизимига интеграциялашуви таклиф этилди.

Учрашув якунида томонлар келгусида энг самарали ечимларга эришиш учун ҳамкорликда ишлаш ва мунозараларни давом эттиришга келишиб олди.

Ғилдиракли трамвай нима?

CRRC дан SRT ғилдиракли трамвай — бу ғилдиракли «автобус» бўлиб, трамвайга ўхшаш белгиланган йўл ҳудуди бўйлаб ҳаракатланади, деб ёзади темир йўл транспортига ихтисослашган ахборот агентлиги Rollingstock. Ғилдиракли трамвай сунъий йўлдош навигация тизими билан синхронлаштирилган автоматик бошқарув тизими билан жиҳозланган.

Тортишиш қуввати 25 км бўлган литий-ионли батареялар билан таъминланади. Зарядлаш вақти 10 минут. Транспорт 176 йўловчини сиғдира олади, 70 км/соат тезликда ҳаракатлана олади ва радиуси 15 м бўлган эгри чизиқлар бўйлаб ҳаракатлана олади. Ҳаракатланувчи таркибни водород ёнилғи билан жиҳозлаш ва масофани 200 км гача ошириш мумкин.

Ҳозирда Малайзия ва Австралияда қувват захираси 245 км бўлган биринчи авлод ART ғилдиракли уч секцияли «трамвай» синовдан ўтказилмоқда.

CRRC Хитой корпорацияси бўлиб, дунёдаги энг йирик темир йўл транспорти ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, у жаҳон бозорининг қарийб ярмини эгаллайди.