Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Ҳозирда чет элда ишлаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат билан шуғулланмоқда. Европа, Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда катта келишувлар доирасида 150 минг ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу муносабат билан ташқи меҳнат миграцияси тизимидаги ишларни лозим даражада ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлади. Давлат раҳбари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига иш ўринларини яратиш ва аҳолини касбга ўқитиш борасидаги камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифасини топширди.

Бундан ташқари, йиғилишда 2023 йили 16 та туман ва шаҳарда доимий иш ўринларини яратиш режаси 70 фоизга ҳам бажарилмагани таъкидланди. Бандлик идоралари эса иш сўраб келган одамларга осонгина нафақа тайинлашга ўтиб олгани танқид қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади.