Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни «Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни (ПҚ-5230) имзолади.

Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг эътибори қуйидагиларга қаратилиши белгиланди:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашда Ўзбекистон президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз «технологик занжир»нинг янгича таъсирчан тизимини жорий этиш;
  • масъулиятсиз ўринбосарларига нисбатан шахсий талабчанлик ўрнига либерал муносабат шаклланиб бораётганлиги каби салбий ҳолатнинг олдини олиш, уларнинг функционал вазифаларини ўз вақтида ҳамда самарали бажаришга нисбатан шахсий масъулиятсизлигининг ҳар қандай кўриниши ва ҳолатларига бутунлай барҳам бериш.

Ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарларига ўз йўналишларидан (молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик, инвестициялар ва ташқи савдо ва бошқа масалалар бўйича) келиб чиққан ҳолда устувор вазифалар юклатилди.

  • ҳоким ўринбосарлари — вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари — инвестиция, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан келиб чиқиб, унинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш ва экспорт салоҳиятини ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган «йўл хариталари» ижросини таъминлаш ишларига ҳамда ҳудудларда ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш, ҳудуд раҳбарларининг хорижий давлатларга хизмат сафарлари якунлари бўйича эришилган келишувлар амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш;
  • маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари — пахта ва ғалла етиштириш билан боғлиқ вазифалар билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, шу жумладан кластерлар фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигига замонавий, инновацион агротехнологияларни фаол киритиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, уларни қайта ишлаш, томчилатиб суғориш бўйича инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби жиддий ва муҳим масалаларга эътибор қаратиш;
  • маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни ҳудудларда тўлақонли жорий этиш, шу жумладан ёшларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва бандлигини таъминлашда фаоллик кўрсатиш, аҳолини ижтимоий хизматлар билан таъминлаш, бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олиш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, профессионал таълим ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
  • ҳоким ўринбосарлари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари — маҳалла фуқаролар йиғинларида «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш, жамиятда хотин-қизлар мавқеини янада ошириш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар билан манзилли ишлаш, аёллар бандлигини таъминлаш борасида аниқ натижаларга эришиш;
  • маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари — ички туризмни ривожлантириш, туризм қишлоқларини барпо этиш, аҳолини спортга жалб қилиш орқали уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни талаб даражасида ташкил этиш, соҳани рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик, шу жумладан хусусий секторнинг ушбу йўналишлардаги ролини оширишда ташаббускорлик кўрсатиш;
  • маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари — аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш, радикал диний оқимга мансуб фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан манзилли ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятда ўз ўрнини топишга яқиндан кўмаклашиш, жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик борасидаги ишларни талаб даражасида ташкил этиш.

Бундан ташқари, ҳокимлар ўринбосарлари ўзлари масъул бўлган йўналишлар бўйича туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижалари учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилди.

Қарор билан ҳокимларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тартиби жорий этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, шахсий масъулияти, ваколати ва жавобгарлиги ҳамда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олган намунавий низомларни тасдиқлаш топширилди.

Ҳоким ўринбосарлари самарадорлик кўрсаткичлари ижроси бўйича ҳар ой оммавий ахборот воситалари, шу жумладан теле ва радио каналлар орқали ахборот беради.

Уларнинг фаолияти ҳар чорак якуни бўйича маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилинади ҳамда баҳоланади. Бунда, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари томонидан самарадорлик кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда — «қониқарсиз», 71 фоиздан 90 фоизгача — «қониқарли», 91 фоиздан 99 фоизгача — «яхши» ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда «аъло» деб баҳоланади.

Ҳар чорак якуни бўйича маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари томонидан баҳолаш натижалари тегишли таҳлилий материаллар билан бирга Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Сўнгра бош вазирнинг биринчи ўринбосари (Очилбой Раматов) бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда тақдим этилган таҳлилий материалларни тегишли раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида танқидий муҳокама қилган ҳолда ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига берилган шахсий баҳони муҳокама қилади, уларни рағбатлантиради ёки ўзига бириктирилган йўналишларда самарадорлик кўрсаткичларига эришишда масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар ўринбосарларининг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқади ҳамда бу тўғрисида аниқ таклифлар билан бирга бош вазирга ҳисобот беради.

Шундан сўнг маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси ўтказилади ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари рағбатлантирилади ёки уларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилади.

Ҳокимлар ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими 2021 йил якунига қадар эксперимент тариқасида амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси эксперимент якунларига кўра 2022 йил 1 февралга қадар маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни ташкил этишда юзага келган муаммолар ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, мазкур тизим самарадорлигини ошириш мақсадида уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши лозим.