Валижон Юсупович Адизов Навоий вилояти Кармана тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

У лавозимга тайинлангунга қадар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Аввалги ҳоким Фахритдин Умаров бу лавозимда 2016 йилдан бери фаолият юритаётганди. У майнинг фермалари томонидан электр энергиясининг йирик миқдорда ўғирланганини пайқамагани учун 2023 йил октябрь ойи охирида президент йиғилишидан сўнг ишдан бўшатилганди.

Кармана тумани 1920 йилларда Кермана номи билан ташкил топган. 1938 йилда Бухоро вилояти таркибига кирган. 1958 йилда Навоий тумани деб атала бошлаган. 1982 йилда Навоий вилояти таркибига киритилган. 1988−1992 йилларда яна Бухоро вилояти таркибига қўшилган. 2003 йилда номи Карманага ўзгартирилган ва туман маркази Навоийдан Карманага кўчирилган.

Аввалроқ Бахтиёр Бегматов Тошкент вилоятининг Бўка туманига ҳоким этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.