Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Қозоғистондан Ўзбекистонга олиб кирилган «шубҳали» электротехника маҳсулотларининг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларини (CТ-1) қайта текширишни буюрди. Бу 25 декабрдаги 118-сонли комиссия баённомасида назарда тутилган («Газета.uz»да ҳужжат нусхаси мавжуд).

Гап 2021−2022 йилларда Қозоғистондан олиб келинган электр жиҳозлари ҳақида бормоқда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, «Ўзбекэкспертиза» компанияси ва Божхона қўмитаси сертификатларни текшириб, «аниқланган ҳолатлар бўйича тартибга солиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши» зарур.

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, расмийлар Қозоғистондан электр жиҳозлари импорти кўпайганидан хавотирда ва маҳсулотлар аслида Хитой томонидан етказиб берилаётганини гумон қилмоқда. Хусусан, таъкидланишича, хитойлик етказиб берувчилар маҳаллийлаштириш билан боғлиқ минимал харажатлар туфайли электротехникаларни (кондиционерлар, музлатгичлар ва бошқалар) Қозоғистонда йиғиб, МДҲ давлатлари ўртасидаги эркин савдо шартномасига асосан Ўзбекистон бозорига божсиз етказиб бермоқда.

Бундан ташқари, баённомада бир ой муддатда Тошкент шаҳридаги «Технопарк» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган совутиш тизимлари (фанкойл, чиллер ва бошқалар), газ қозонлари, қуёш сув иситгичлари ва «ақлли» газ ҳисоблагичларга маҳсулотларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатини (CT-1) белгиланган тартибда расмийлаштириш чораларини кўриш топширилган.

Ноябрь ойи охирида президент раислигида ўтказилган йиғилишда сўнгги олти йилда электротехника соҳасида умумий қиймати 640 миллион доллар бўлган 224 та лойиҳа ишга туширилгани маълум қилинган эди. Экспорт ҳажми 2023 йил охиригача 1 миллиард долларга етиши кутилган. Шу билан бирга, ҳар йили мамлакатга 800 миллион долларлик электротехника маҳсулотлари импорт қилинади. Умуман олганда, минтақада 3 миллиард долларлик бозор бор.

Шавкат Мирзиёев соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтирилишини маълум қилганди.