Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни ўтказган йиғилишда электротехника саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги олти йилда бу соҳада 640 миллион долларлик 224 та лойиҳа ишга туширилган. Бу йил якунида экспорт 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонга йилига 800 млн долларлик электротехника товарлари импорт бўлмоқда. Умуман олганда, минтақамизда 3 млрд долларлик бозор бор.

«Бунда муносиб ўрин эгаллаш учун нуфузли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Келгуси йилга мўлжалланган 2 млрд долларлик 141 та лойиҳада бунга алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади хабарда.

2023 йилда 2 гигаватт, 2024 йилда яна 4 гигаватт қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. Уларга жуда кўп кабел, генератор, инвертор, трансформаторлар зарур. Бу маҳсулотларни маҳаллийлаштириб, халқаро сифат сертификатлари олиш вазифаси қўйилди.

Шавкат Мирзиёев соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллар йўналтирилишини маълум қилди.

Мутасаддилар келгуси йилда ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш, мисни қайта ишлаш ҳажмини 140 минг тоннага олиб чиқиш режаларини баён этди. Шунингдек, экспортни 1,5 миллиард долларга, 2025 йилда 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.