Президент 9 январь куни тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини соддалаштиришга доир қарорни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Қарорга кўра, 2024 йилдан тадбиркорлардан талаб қилинадиган, ўзаро бир-бирини такрорловчи ва давлат органларининг бошқа органлардан олиш имконияти мавжуд бўлган саккиз турдаги ҳисобот ва статистик маълумотлар бекор қилинади.

Шунингдек, қарор билан тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистик маълумотларнинг ягона рўйхати тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, ҳисоботлар фақат ахборот тизимлари орқали тақдим этилади.

2026 йил 1 январгача «тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети» орқали ҳисоботларни шакллантириш ва давлат органларига тақдим этишни назарда тутувчи Ягона ҳисоботлар тизими жорий қилинади.

Ҳисоботларни топшириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • ️2026 йил 1 январдан барча тадбиркорлар учун — ихтиёрий;
  • ️2027 йил 1 январдан кичик ва ўрта бизнес учун — мажбурий;
  • 2028 йил 1 январдан барча тадбиркорлар учун — мажбурий.

Бундан ташқари, аввал хабар берганимиздек, президент қарори билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб 22 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. 7 та турдаги рухсатномалар тўлиқ бекор қилинади, яна 12 таси бирлаштириш йўли билан бекор қилинади, 3 таси эса хабар бериш тартиби билан алмаштирилади.