Марказий банк Тошкент шаҳрида Евросиё банкини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.

Қозоғистон банкининг шуъба филиалига банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.

Декабрь ойи охирида Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги Евросиё банкига Ўзбекистонда шуъба корхонасини очишга рухсат берганди.

Маълумот учун, Евросиё банки Қозоғистон тижорат банки бўлиб, 1994 йилда ташкил этилган. Бош офиси Олмаотада жойлашган. 2023 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Қозоғистонда 19 та ҳудудий филиали ва 119 та касса ҳисоб-китоб филиаллари мавжуд.

Банк Ибрагимовлар оиласи (Муқадасхон Ибрагимова, тадбиркор Алижан Ибрагимовнинг беваси), тадбиркорлар Александр Машкевич ва Фаттоҳ Шадиевлар бошчилигидаги «Евросиё молия компанияси» гуруҳи таркибига киради.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал Олимжон Шадиевнинг Support Level компанияси Ўзбекистоннинг «Ўзагроэкспортбанк»даги давлат улушини 5 миллион долларга тендерсиз сотиб олган ва бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олганди. Ёзда унинг номи AVO Bank деб ўзгартирилган.

Евросиё банки Ўзбекистондаги иккинчи қозоқ банкига айланади. 2019 йилнинг ёзидан буён мамлакатда Қозоғистон Халқ банкининг (Halyk Bank) шуъба корхонаси Tenge Bank фаолият кўрсатмоқда.