Ўзбекистонда ҳуқуқий эксперимент тариқасида фаолиятни бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун уч ойгача ўтиш ва бошлаш даврини белгилайдиган «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 9 январдаги «Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (ПФ-8) назарда тутилган.

Ушбу режим 2024 йил 1 мартдан 2025 йил 1 январгача рентген ускунасидан фойдаланиш ва ветеринария лаборатория-диагностика ишларини амалга оширишга нисбатан қўлланилади.

Адлия вазирлиги ваколатли органлар билан 1 ноябрга қадар эксперимент натижаларини таҳлил қилиш асосида махсус режимни тўлиқ жорий қилиш ва уни бошқа фаолият турларига ҳам татбиқ этиш бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрлаши лозим.

Махсус режимда тадбиркорларга «Лицензия» ахборот тизими орқали ваколатли органни бепул хабардор қилган ҳолда лицензия ёки рухсат берувчи ҳужжат олмасдан уч ой муддатга мазкур фаолият турларини амалга оширишга рухсат берилади.

Хабарнома белгиланган тартибда юборилганидан бошлаб уч ойгача муддатда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятни лицензиясиз ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганликлари учун жавобгарликка тортилмайди.

Мазкур режимда иш бошлаган тадбиркорлик субъекти уч ой муддатда ўз фаолиятини лицензия талаблари ва шартларига ёки рухсат бериш тартиб-таомилларига мувофиқлаштириш чораларини кўриши, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатини олиши ёки ўз фаолиятини тўхтатиши керак.

Эслатиб ўтамиз, март ойидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун 16 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Бу тадбиркорларга йилига қарийб 350 млрд сўм маблағни тежаш имконини беради.