5 январь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Навоий шаҳрида жойлашган 11-сон жазони ижро этиш колониясида бўлди, дея хабар бермоқда омбудсман матбуот хизмати.

Маҳкумларнинг ётоқ жойлари кўздан кечирилганда, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашилган. Колония раҳбарияти билан ўтказилган суҳбатга кўра, у қонунчиликда белгиланган тартибда жазо муддатини ўтамоқда.

Суҳбат давомида Тажимуратов «колониядаги озиқ-овқат таъминоти яхшилигини, қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги, даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлими томонидан тиббий ёрдам керак бўлганда вақтида ёрдам кўрсатилаётганини» маълум қилган.

«Унинг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган ҳуқуқлари таъминламоқда ва ушбу кодексда белгиланган мажбуриятлар татбиқ этилмоқда. Алоҳида чекловлар ўрнатилмаган ёки имтиёзлар тақдим этилмаган. Шунингдек, ўтказилган суҳбат давомида унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтириб ўтилди», — дейилади хабарда.

Ташриф давомида, бошқа маҳкумлар билан ҳам суҳбатлашилди, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ҳам ўрганилган. Камчиликлар юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Маълумот учун, жамоатчилик гуруҳлари аъзолари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, «Юксалиш» ҳаракати ва «Ҳуқуқий таянч» ННТ раислари иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ мустақил экспертлари ҳуқуқ ҳимоячиси Даулетмурат Тажимуратов 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан Урганчдаги 11-тергов изоляторида жисмоний ва руҳий босимга учраганини маълум қилганди. Кейинчалик омбудсман идораси Тажимуратов қийноқлар ҳақида хабар бермаганини билдирган.