Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон аҳолиси 2 миллион нафардан ошди. Ҳар йили меҳнат бозорига 50 минг аҳоли кириб келади. Президент уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиб, даромадли иш ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш кераклигини таъкидлади.

Шу мақсадда саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 трлн сўмлик янги қувватлар яратилади. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 5 трлн сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади.

2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 млн доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларда 13 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни очилади.

Шунингдек, ушбу йилда экспорт ҳажмини 160 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Қишлоқ хўжалигида ер унумдорлигини ошириш учун хорижий грант жалб қилинади. 6 минг гектар ерга сув тежовчи технология жорий қилиниб, 31 минг гектар лазерли текисланади.

Маҳаллалар инфратузилмаси ва хонадонлар таъмирланади. Юқори технологик тиббий хизматга муҳтож беморлар даволанишига 2,3 млрд сўм йўналтирилади. Шу билан бирга, фуқаролар ташаббуси асосидаги лойиҳаларга 182 млрд сўм, йил давомида маҳаллий бюджетдан яна 40 млрд сўм ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасидаги лойиҳаларга 10 трлн сўм берилади.

Президент янги иш ўринлари яратиш бўйича режалар мавжуд салоҳиятга мос эмаслигини таъкидлаб, бу борадаги қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди. 51 та саноат зонасида 775 млрд сўмлик 71 та лойиҳани бошлаб, 1 мингта иш ўрни яратса бўлишини ёки 10 минг гектар бўш ерни савдога чиқариб, 20 мингта тадбиркорни жалб қилиш мумкинлиги, бу 50 минг иш ўрни бўлиши ҳақида гапирди. Шунингдек, норуда конларга саноатни олиб кириб, 7,5 трлн сўмлик лойиҳалар ҳисобига 10 минг аҳолини банд қилиш мумкинлигини қайд этди.

Давлат раҳбари, бундан ташқари, Қорақалпоғистонда туризмни, айниқса, унинг эко, этно, зиёрат йўналишларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, туризм кластери ташкил этиш ва соҳага хорижий экспертларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берди. Нукус аэропортини ривожлантириш ва авиақатновларни кўпайтириш, янги меҳмонхоналар қуриш, музейларни модернизация қилиш, йўл бўйи хизматларини кенгайтириш вазифаларини кўрсатиб ўтди.

Германия, Жанубий Корея, Япония ва Туркиядан мутахассисларни таклиф этиб, ёшларни чет тили, ахборот технологиялари, дизайн, меҳмонхона хизмати каби 17 турдаги замонавий касбларга ўқитиш муҳимлигини таъкидланди.

Мутасаддилар Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш учун барча имкониятлар борлигини қайд этиб, бу борадаги чора-тадбирларни белгилаб олди.