11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза вилоятининг Нижнеломовский туманида юк машинаси ва микроавтобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Натижада микроавтобусдаги етти киши, жумладан ҳайдовчи ҳалок бўлди, деб хабар берди Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг тергов бошқармаси.

Дастлабки маълумотларга кўра, микроавтобусда Ўзбекистон фуқаролари кетаётган бўлган, деди Нижнеломовский туманлараро прокурори Андрей Ярош.

РИА Новости манбаларига таяниб хабар беришича, ҳодиса оқибатида 7 киши вафот этган, икки киши жароҳатланган. Кейинроқ жароҳати олган йўловчилардан бири вафот этган, яна бири оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Агентликнинг хабар беришича, микроавтобус Ўзбекистон давлат рақами билан ҳаракатланган.

ЙТҲнинг айрим сабаблари очиқланди: JAC микроавтобуси ҳайдовчиси, 1981 йилда туғилган эркак Москва томон кетаётиб, қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган ва Volvo оғир юк машинаси билан тўқнашган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси воқеа сабаб 7 нафар ўзбекистонлик вафот этганини тасдиқлади.

Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-банди (истеъмолчилар хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш талабига жавоб бермайдиган равишда хизмат кўрсатиш ва эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан кўп одамларнинг ўлимига сабабчи бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.