9 январь куни кечқурун Қамчиқ довонида Chacman юк машинаси ҳайдовчиси ва йўловчиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар қилди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Ҳодиса Фарғона водийси-Тошкент йўналишидаги А-373 автомобиль йўлининг 225-километрида, Наманган вилоятининг Поп туманида содир бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 36 ёшли ҳайдовчи юқори тезлик туфайли бошқарувни йўқотган. Автомобиль йўл ўртасида жойлашган темир тўсиққа урилиб, ағдарилган ва ёниб кетган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.

ЙТҲ юзасидан суриштирув ишлари бошланган.