Олимжон Алижонович Тўйчиев Турин политехника университети ректори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан у 2023 йилнинг январидан буён ишлаб келаётган вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори лавозимидан озод қилинди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йил Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2015 йил машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва 2017 йили мехатроника йўналиши бўйича магистрлик даражасига эга бўлган. Шунингдек, 2016−2017 йилларда Германиянинг Хохенхайм университетида ҳам таҳсил олган.

Тўйчиев 2013 йил овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

2017 йил «Камолот» ЁИҲ қурултойида президент томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган. 2019 йилнинг мартида инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари бўлган. 2021 йилнинг апрелидан ушбу лавозимдан кетган.