Қозоғистонда 2023 йил декабрида мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан эркинликка» номли мемуарлар китоби қозоқ ва рус тилларида сотувга чиққан эди. Аввалроқ «Газета.uz» 708 бетлик китобнинг Ўзбекистон, хусусан, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида сўз борган парчаларининг ўзбекча таржимасини ҳавола қилган эди.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Аксарият кузатувчилар Нурсултон Назарбоевнинг президентлик давридаги энг катта хизматларидан бири сифатида қўшни мамлакатлар билан чегара масалалари деярли ҳал этилганини кўрсатади. Назарбоевнинг ўзи ҳам «Менинг умрим» китобида бу мавзуга «Чегараларни мустаҳкамлаш» номли катта бир бобни бағишлаган. Унда Хитой, Россия, Қирғизистон ва Туркманистон билан чегара масаласидаги баҳслар қандай ҳал этилгани ҳақида сўз боради.

Шу бобнинг «Баҳсларда эришилган натижа» кичик бобининг катта қисми Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси мавзусига бағишланган. Унда Нурсултон Назарбоев гапни икки республика ўртасидаги ер олди-бердилари тарихидан бошлаб, Тошкент Ўзбекистон эмас, балки Қозоғистон пойтахтига айланишига бир баҳя қолганига тўхталган, 2000 йиллар бошида Ўзбекистон билан чегара масаласи қандай ҳал қилинганини ҳикоя қилган.

Қуйида китобнинг ушбу парчаси ўзбек тилида тўлиқ келтирилади.

Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим» китоби «Баҳсларда эришилган натижа» кичик бобидан

Чегара ҳақида гап бошланганида, кўпчилик Ўзбекистон билан музокаралар қийинроқ кечса керак, деган хаёлга борганди. Аммо ундай бўлгани йўқ. Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарияти илк кунларданоқ 1991 йилги Олмаота декларациясини имзолаган давлатларнинг шу кунгача шаклланган чегаралар дахлсизлигини тан олишига доир нуқтаи назарига содиқ қолди. Ҳатто энг оғир дамларда ҳам биз биродар икки мамлакат, умумий чуқур илдизларга эга икки қардош халқ ўртасидаги анъанавий дўстлик байроғини баланд тутдик.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара дастлаб 1924−1925 йиллардаги Ўрта Осиё республикаларининг миллий-ҳудудий чегараланиши даврида белгиланган. У вақтларда Қозоғистон РСФСР таркибида бўлгани боис, бунда гап РСФСР ва Ўзбекистон ССР чегараси ҳақида борган. 1956 йили Бўстонлиқ тумани, шунингдек, Мирзачўлнинг бир қисми Ўзбекистонга ўтказилиши биродар республикалар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатган.

Албатта, ўша давр тамойилларига кўра, аввалига Қозоғистон ССР Олий Совети кўрсатиб ўтилган ҳудудларни Ўзбекистонга бериш ҳақида қарор чиқарган, орадан уч кун ўтиб Ўзбекистон ССР Олий Совети Қозоғистондан берилган янги ерларни қабул қилиб олиш ҳақида қарор қабул қилган; орадан бир ой ўтар-ўтмас СССР Олий Советининг Қозоғистон ССР ва Ўзбекистон ССР ўртасидаги чегаранинг қисман ўзгариши ҳақида қарор чиқарган. Бошқача қилиб айтганда, Москва икки республика ўртасидаги келишувни шунчаки ҳужжатлаштириб қўйган, холос…

Аммо бу «шу ишларнинг бари бизнинг қароримизгагина қараб қолганди», дегани эмас. Агар бундай мантиқ бўйича фикрлайдиган бўлсак, у ҳолда 1986 йили Қозоғистон коммунистларининг сайлаб қўйилган вакиллари Колбинни ўз хоҳишларига кўра республика раҳбари этиб сайлаган бўлиб чиқадилар. Замон шунақа эди.

Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг 1954 йилги харитасидан: Чирчиқ — Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси устида, Ғазалкент ва Чимён — Қозоғистон ҳудуди.Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг 1954 йилги харитасидан: Чирчиқ — Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси устида, Ғазалкент ва Чимён — Қозоғистон ҳудуди.

Бўстонлиқ туманини Ўзбекистонга ўтказиш масаласи СССР Олий Совети Президиумининг 1956 йил 13 февралдаги «Қозоғистон ССР ва Ўзбекистон ССР ўртасидаги чегарани қисман ўзгартириш тўғрисида»ги фармони асосида ҳал қилинган. Аммо, маълум бўлишича, бу ўтган асрнинг 30-йилларидаёқ юзага чиққан бир масала эди. Аввалига Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси ва республика раҳбарияти СССР Марказий ижроия қўмитаси (ЦИК)га Қозоғистон АССРнинг «Чирчиқстрой»га туташ Бўстонлиқ тумани ҳудуди ва аҳолисини Ўзбекистон ССРга ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритиш ҳақида қарор қабул қилади.

Эътиборлиси, ушбу қарор Қозоғистон АССРнинг тегишли давлат ва партия тузилмалари билан олдиндан келишилмай, тўғридан-тўғри Москвага йўлланади. Бу ташаббус, турган гапки, Қозоғистон раҳбариятининг норозилигига сабаб бўлади. Ўшанда Москва Қозоғистоннинг нуқтаи назарини маъқуллаган ва шу билан бу масала ёпилган. Аммо орадан 20 йил ўтиб, Кремлнинг фикри ўзгаради. Бунинг сабаби ҳақида эса мен юқорида таъкидлаб ўтдим. Бир республика ер сўради, бошқаси бунга рози бўлди. Иккала томон ҳам Олий Советнинг бу қарорини маъқуллади. Юридик жиҳатдан ҳужжатлар бенуқсон расмийлаштирилган.

Қозоғистон ССР Олий Совети қарорида [ер берилишининг изоҳи сифатида] иқтисодиётнинг уйғунлиги, ҳудудий яқинлик, хўжалик ва маданий алоқаларнинг қалинлиги кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши қарорида эса берилаётган ерлар учун ўзбек халқи номидан қозоқ халқига миннатдорлик билдирилган. КПСС XX Съезди топшириқларига мувофиқ келувчи ушбу дўстона қарор гўёки хўжалик қурилишидаги умумдавлат вазифаларни муваффақиятли бажариш ҳамда ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги бузилмас дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига кўмак бериши таъкидланган. Бир сўз билан айтганда, маълум бир ҳудудни бошқа бир иттифоқдош республикага ўтказиш жараёни совет демократик нормалари ва ўша давр тамойиллари асосида, барча конституциявий қоидаларга риоя этилгани ҳолда амалга оширилган.

Мустақилликнинг илк йиллари бир қатор жамоатчилик ҳаракатлари ва партияларнинг вакиллари ўз вақтида Ўзбекистонга берилган Бўстонлиқ туманини қайтариб олиш масаласини мунтазам кўтариб келди. Янги тарихий шароит, янги геосиёсий вазиятда бундай талабларни илгари суриш мутлақо нотўғри эди. Қачонлардир Қозоғистонга тегишли бўлган айрим туманларни қайтаришга доир талаблар юзасидан мен Қозоқларнинг биринчи бутунжаҳон қурултойида шундай дегандим:

«Ўйламай айтилаётган бундай гаплар, газеталардаги масъулиятсиз чиқишлар қардош халқлар ўртасига нифоқ солади, шундоқ ҳам мураккаб бўлган миллатлараро муносабатларни кескинлаштиради. Биз мустақил давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслигини қўллаб-қувватлаймиз, шаклланган чегараларнинг дахлсизлиги ва ҳақиқийлигини тан оламиз ва ҳеч қандай фитнаю иғволарга берилмаймиз».

Шу ўринда қозоқларнинг «Унмас даъвони бўлмас йигит қилади» мақолини эслаш ўринли. Агар улар (ўзбекистонликлар — таҳр.) қачонлардир Қўқон хонлиги ҳукмронлиги остида бўлган ерларга даъво қилиб чиқса, у ҳолда биз нима деган бўлардик? Агар бу мавзуда чуқурлашадиган бўлсак, Қорақалпоғистон ҳам ўз вақтида Қозоқ Автоном Социалистик Совет Республикаси таркибида бўлган. Нима, бу энди биз Қорақалпоғистонга ҳам даъво қилишимиз кераклигини англатадими? Шундай экан, барча томонлар бундайин гап-сўзларни унутиши лозим.

Тўғри, биз бирга бўлган вақтларимиз Тошкентда умумий тарихимизнинг кўплаб саҳифалари ёзилган, ХХ аср бошида кўплаб зиёлиларимиз у ерда таҳсил олган, ҳатто энг биринчи олий таълим муассасамиз — Қозоқ педагогика институтига ҳам Тошкентда асос солинган. Ушбу икки биродар халқнинг умумий мероси жуда катта. Бўстонлиқни қўя туринг, Тошкентнинг ўзида ҳам кўплаб қозоқлар яшаган. Шаҳарда қозоқлар шу қадар кўп бўлганки, 1924−25 йилги миллий-ҳудудий чегараланиш вақтида Тошкентга қозоқ пойтахти мақомини бериш масаласи устида Ўрта Осиё республикалари ҳақиқий баҳс-мунозарага киришган.

Леонид Левитиннинг «Ўзбекистон тарихий бурилиш палласида» китобида шундай дейилади: «Тошкент атрофидаги ҳудудларда сезиларли даражада кўп қозоқлар яшашига таяниб, шаҳарни Қозоғистонга бериш масаласи жуда фаол муҳокама қилинган. Архив ҳужжатларини ўзим кўрмаганимда эди, тарихда шундай мантиқсизлик ҳам бўлганига мутлақо ишонмаган бўлардим». Муаллиф тўғри айтяпти. Бу масала муҳокамалар мавзусига айлангани, шунингдек, тарихчига бу масаланинг «мантиқсизлиги»ни исботлашга имкон берувчи архив ҳужжатларининг борлигиёқ бу шаҳарнинг қозоқлар қалбига қанчалик яқинлигидан дарак.

Дарвоқе, Ўзбекистон пойтахти 1930 йили республика марказида жойлашган, XIV асрда Амир Темур давлати пойтахти бўлган Самарқанддан чеккадаги Тошкентга кўчирилган. Шаҳарнинг қоқ марказида кўп йиллар Тошкент бийи (беки) сифатида фаолият кўрсатган буюк аждодимиз Тўлабийнинг мақбараси жойлашган. Ислом Каримов 1993 йил 28 май куни Ўрдабасида қозоқларнинг буюк уч бийи — Тўла, Қозибек ва Ойтеке хотирасига бағишланган йиғилишда: «Бизнинг бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир», деган эди. Бундан икки кун аввал, 26 май куни эса биз Ислом Каримов билан бирга Тошкентда Тўлабий ва Шайх Ҳованди Тоҳур (Шайхонтоҳур) мақбараларини зиёрат қилгандик.

Бу гап-сўзларсиз ҳам қозоқ-ўзбек чегараси бўйича анча-мунча муаммо тўпланиб қолганди. Масалан, аввал тасдиқланган чегара Келес дарёси ўзани бўйлаб ўтган. Келес ўзи кичик бўлса-да, жуда шиддатли дарё («Сариоғоч» санаторийсида ҳордиқ чиқариш асносида бунга ўзим бир неча бор гувоҳ бўлганман). Сувга тўлган вақти ўзанидан тошиб, қирғоқни ҳам ювиб кетиши мумкин. Айтишларича, бир сафар кучли тошқин вақти Келес сувлари дарёдан тўрт чақирим масофадаги Сариуйсин овулигача етиб борган экан. Шуни ҳисобга олиб, биз чегарани Келеснинг ҳозирги ўзани бўйлаб ўтказишга келишиб олдик.

Чордара сув омбори атрофида бир замонлар Ўзбекистонга вақтинча фойдаланиш учун берилган участкалар бор эди. Икки мамлакат ўртасида Қозиғурт этагидаги Бағис ва Туркестанец аҳоли яшаш пунктлари билан боғлиқ масала энг қийини бўлди. Қачонлардир тасдиқланган топографик хариталарнинг такрорий аниқлаштирилиши чегара бевосита ушбу аҳоли пунктларидан ўтишини кўрсатди. 1940 йилги харитада Бағис йўқ, 1963 йилги харитага эса, посёлка мавжуд бўлганига қарамай, туширилмаган. Боз устига, иккала қишлоқ аҳли ҳам бир овоздан Қозоғистон таркибида қолиш истагини билдирди.

Фото: Otyrar.kzФото: Otyrar.kz

Ўзбекистон томони Бағисга ҳеч қандай даъво билдиргани йўқ, аммо СССР парчалангач, Туркестанец посёлкаси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ихтиёрига берилганини эслатиб турди. Иш пишмай туриб, миллий зиёлиларимизнинг айрим гуруҳлари муаммони сунъий шиширди, бу орада Бағис аҳолиси «мустақил Бағис Қозоқ Республикаси»ни эълон қилиб, ўзига «президент» сайлаб олишга ҳам улгурди. Газеталар шовқин кўтарди. Вазиятга ҳақиқий айирмачиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳо берила бошланди. Умуман олганда, буларнинг бари можарога овул аҳлини жалб қилиш, ҳуқуқий йўл билан ҳал қилиниши керак бўлган масалани сиёсийлаштиришга муваффақ бўлган маълум бир гуруҳларнинг салбий ҳаракатлари оқибати эди.

Бу каби вазиятда совуққон ва оғир-вазмин ҳаракат қилмоқ лозим. 2002 йил 4 июль куни мен Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудий чегараланиш масаласида махсус йиғилиш ўтказдим. Унда, чегара бўйича келишув имзоланганига олти ойдан ошганига қарамай, қолган уч участка бўйича очиқ қолган масалани ҳал қилмагани учун Қозоғистон ҳукумат комиссия танқид остига олинди. Биз СССР, Қозоғистон ССР, Ўзбекистон ССР Олий Советларининг 1956 ва 1963 йиллардаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатлари асосида чизилган маъмурий-ҳудудий чегаранини белгиловчи юридик актлар ва картография материалларини қайта кўриб чиқишга доир нуқтаи назарни мақсадга мувофиқ эмас, деб топдик.

Бу ҳужжатлар қабул қилинганидан кейинги 40−45 йил давомида Қозоғистон томони чегара ўтказилишининг тўғрилиги юзасидан даъво қилмаган. Мен Бағис ва Туркестанецга ҳукумат делегацияси аъзолари, парламент депутатларини махсус юбордим. Улар маҳаллий аҳоли билан учрашиб, Ўзбекистон томони билан чегаранинг ушбу муаммоли участкалар бўйича олиб борилаётган музокара жараёнининг маъно-мазмунини тушунтирди. Натижада Бағис овули Қозоғистонга ўтди, Туркестанецнинг Ўзбекистонда қолишни хоҳламаган аҳолиси эса биз тарафга кўчириб ўтказилди. Бағис атрофидаги 517 гектар тоғ яйловлари Қизилўрда вилоятининг яримчўл ҳудудидаги Нисан-1, Нисан-2 ва Баймурат аҳоли яшаш пунктларига алмаштирилди. Арнасой тўғони атрофидаги масала ҳам шу тариқа ҳал қилинди.

2002 йил 9 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қозоқ-ўзбек чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги битим имзоланди ва 2351 километрлик чегара делимитацияси билан боғлиқ масала тўла-тўкис ҳал этилди. Бунда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мазкур масалани ўз эътиборида доимий сақлаб тургани ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.