Қозоғистонда 2023 йил декабрида мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан эркинликка» номли мемуарлар китоби қозоқ ва рус тилларида сотувга чиқди. Китоб қисқа фурсатда сотилиб кетди, ундаги айрим тафсилотлар эса шов-шувларга сабаб бўлди. Хусусан, Назарбоев бу китобида иккинчи хотини ва ундан ўғиллари борлигини биринчи марта тан олган.

Назарбоев ўз китобида қўшни мамлакатлар ва уларнинг раҳбарлари билан муносабатларга доир кўплаб қизиқарли хотираларни ҳам баён қилган. Хусусан, Ўзбекистон билан чегара масаласи қандай ҳал қилингани, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов қандай ташаббусларга қарши чиққану Назарбоев билан шахсий муносабатлари қандай бўлган — шу каби эътиборга молик тафсилотлар очиқланган.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

«Газета.uz» китобнинг Ўзбекистон ҳақида сўз борган парчаларини ўзбек тилига ўгирди. Чегарага доир тафсилотлар нисбатан катта бўлгани учун боис, дастлаб Ўзбекистон ва Ислом Каримовга ҳақидаги қисқа парчаларни жамлаб беришга қарор қилинди.

Маълумот учун, Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан эркинликка» мемуарлар китобининг бир нусхаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам махсус совға қилинган эди.

Туркистон конфедерацияси лойиҳаси қандай йўққа чиққани ҳақида

Фото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданФото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

Нурсултон Назарбоев СССРнинг тугатилиши ва мустақил республикаларнинг янги бирлашмаси — Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) пайдо бўлишига доир воқеаларни эсларкан, улкан мамлакат славян ва туркий иттифоқларга ажралиб кетиши мумкин бўлганини таъкидлаган; унинг қайд этишича, «тушунарли ҳолки, иккинчи иттифоққа Тожикистон ҳам қўшилган бўларди».

«13 декабрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Марказий Осиё республикалари раҳбарлари: Сапармурат Ниёзов, Ислом Каримов, Асқар Акаев, Раҳмон Набиев ва мен тўпландик. Музокаралар столига ўтиришимиз билан, Туркманистон томони Беловеж келишувларига жавобан тайёрлаб қўйилган Туркий иттифоқ, яъни, Марказий Осиё давлатлари конфедерациясини ташкил этиш лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Бундай бўлиниш катта хавф эканини таъкидлаб, мен бу масала бўйича расмий йўсинда қарор қабул қилмасликни таклиф қилдим. Ельцин бизни [Беловеждаги] учлар иттифоқига қўшилишга фаол тарғиб қилаётган эди. У туркий давлатлар иттифоқи пайдо бўлиши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушиб қолганди. Юзага келган мураккаб ва зиддиятли вазиятни таҳлил қилиб, мен шундай дедим: «Биз бундай уч давлат иттифоқига қўшилмаймиз. Эҳтимол, умумий учрашувда Беловеж иттифоқини эмас, балки ҳаммамиз учун тенг ҳуқуқли янги иттифоқ ташкил этиш масаласини муҳокама қилиб кўриш керакдир».

«Славянлар» менинг иддаоларимни қабул қилишди. Бунинг учун мен яқин вақт ичида Олмаотада йиғилиб, Ҳамдўстликнинг ташкил этилишини қонунийлаштиришни таклиф қилдим. Президентлар таклифимга рози бўлиб, бўлажак келишувни имзолайдиган томонлар ўзаро тенг ҳуқуқларга эга бўлиши лозимлигига доир ўз талабларини «славянлар» эътиборига етказишимни сўрашди. Бахтимизга, биз оқилона янги қарор қабул қилишга муваффақ бўлдик.

Ўша оғир лаҳзаларда Марказий Осиё республикалари турк-славян қарама-қаршилигининг олдини олиш учун имкони бор барча чораларни ишга солди. Халқларни миллий ва диний белгиларига кўра ажратишга интилганларнинг, зудлик билан Туркистон конфедерациясини таъсис этишга чақирганларнинг йўриғига юриб кетганимизда эди, бунинг охири нималар билан тугаши мумкинлигини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Бу хавфни, табиийки, «славянлар» ҳам ҳис қилиб турганди.

Борис Ельцин бир неча бор Ашхободга қўнғироқ қилиб, нима қарорга келдинглар, деб сўраб турди. У ҳаяжонда эди. Ашхободдаги учрашув якунига етмагунича Беловеж келишувида қатнашган учала раҳбар, ҳатто [СССР президенти] Горбачёвнинг ўзи ҳам ҳар соатда мен билан қўнғироқлашиб турди. Менинг нуқтаи назарим Ислом Каримов томонидан қўллаб-қувватлангани масала тақдирини тўла-тўкис ҳал қилди.

Охир-оқибат биз славян республикалари билан музокараларга киришишга, СССРнинг Европа-Осиё ўқи бўйлаб бўлиниб кетишининг олдини олишга келишдик. Биз янги ташкил этилаётган Ҳамдўстликка қўшилган томон сифатида эмас, балки тўлақонли таъсисчи сифатида киришимизни билдирдик. Ҳужжатларни имзолаш учун бизни Беларусга таклиф қилишди. Бу ҳолда биз ҳақиқатан ҳам «қўшилганлар» ролига тушиб қолардик. Шу боис мен кейинги учрашувни Қозоғистонда ўтказишни таклиф қилдим. Таклиф қабул қилинди…".

Миллий валюта масаласида Ўзбекистон олдиндан огоҳлантирилгани ҳақида

Россиянинг ўз ваъдаларини бажармаслиги, унинг тушунарсиз монетар сиёсатидан чарчаган Қозоғистон 1993 йил кузида ўз миллий валютасини муомалага киритади. Назарбоев ушбу жараён ҳақида эсларкан, совет ё Россия рубллари ўрнига миллий танга (тенге)ларнинг қачондан муомалага киритилиши ҳақида Қозоғистон халқидан олдинроқ қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон огоҳлантирилганини алоҳида қайд этган.

«Қозоғистон ўз валютасини муомалага киритаётгани ҳақида қўшниларини очиқчасига огоҳлантирган эди. Огоҳлантирилган мамлакатларнинг биринчиси Ўзбекистон эди. Қўшни республика ҳам рубль зонасида худди бизники каби муаммоларга тўқнаш келаётган, боз устига у биз билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга муҳим ҳамкоримиз ҳам эди. Мен президент Ислом Каримов билан, бир-биримизга зиён етказмаслик учун, миллий валюталаримизни бир кунда, бир вақтда муомалага киритиш ҳақида олдиндан келишиб олгандим. Шундай қилдик ҳам. Ўзбекистон ҳам 1993 йил 15 ноябрь куни ўз сўмини муомалага киритди».

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон 1993 йил 15 ноябрда сўм-купонларни, 1994 йил 1 июлдан эса тўлақонли миллий валюта — сўмни муомалага киритган.

Ислом Каримов «бетоблиги боис» 2002 йилги тадбирга боролмагани ҳақида

Фото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданФото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

Нурсултон Назарбоев халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида олиб борган ўз саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳикоя қиларкан, 2002 йил июнида Олмаотада Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг биринчи саммити юқори савияда ўтказилгани, аммо унда Ислом Каримов «бетоблиги боис иштирок эта олмагани»ни алоҳида таъкидлаб ўтган (Ислом Каримовнинг вафотига қадар унинг бетоб бўлгани ҳақида бирор марта расмий ахборот берилмаганидан келиб чиқилса, бу таъкид алоҳида эътиборга молик). Шуниндек, Назарбоев Қозоғистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотини шакллантириш жараёнида ҳам фаол иштирок этганини, ушбу ташкилот 2001 йили Ўзбекистон унга қўшилиш истагини билдирганидан сўнг тўлақонли қиёфасига эга бўлганини қайд этган.

Ислом Каримов ЕврАзЭСни танқид қила-қила, охири унга қўшилгани ҳақида

Нурсултон Назарбоев 1994 йили Москва давлат университети (МДУ)даги маърузасида МДҲга аъзо мустақил давлатлар ўзаро муносабатларнинг янги шаклига чиқиши, бунинг учун ягона иқтисодий маконни вужудга келтириш зарурлигини таъкидлайди. У ўз чиқишида Европа Иттифоқини намуна қилиб кўрсатади: «Нима учун европаликлар иттифоқ тузиши мумкину, бизга мумкин эмас?», дейди. Айнан шу чиқиши сабабли ҳам Назарбоев Евросиё иқтисодий ҳамжамияти, кейинчалик унинг негизида тузилган Евросиё иқтисодий иттифоқи асосчиларидан бири, дея эътироф этилади. Назарбоевнинг қайд этишича, унинг бу ташаббусини, хусусан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов узоқ вақт танқид қилган, аммо якунда Ўзбекистонни ушбу тузилмага кузатувчи мақомида қўшилишига рози бўлган.

«Ушбу лойиҳа Қозоғистоннинг ўзида ҳам бирдан маъқулланмаган. Кимлардир интеграцияни қўллаб-қувватлаган, бошқалар, асосан маъқуллаган бўлса-да, бу интеграцияни маълум бир даражада чеклашни таклиф қилган, учинчи бир тоифа эса ҳозир интеграцион жараёнлар керак эмас, деб ҳисоблаган. Менинг таклифимни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзов ҳам маъқулламаган.

Рой Медведев шундай ёзади: «Назарбоевнинг МДУдаги чиқиши халқаро ва Россия матбуотида ўша вақтлар учун анчайин қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айни вақтда кўплаб олимлар ва жамоат арбоблари унинг таклифини фаол қўллаб-қувватлаётган эди. Аммо МДҲ мамлакатларининг етакчи сиёсий арбоблари буни ё эътиборсиз қолдирди, ё бўлмаса очиқчасига салбий муносабат билдирди. Хусусан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Евросиё лойиҳасини кескин танқид қилганди. «Евросиё ғоясида нима янгилик бор? — деганди у «Независимая газета»га берган интервьюсида. — Яна бир бор қайтараман: [мақсад] тагзамини сиёсий бўлган тузилмалар қуриш ва ушбу тузилмаларда тегишли пештахтани эгаллаш. Бу гап қўпол, аёвсиз янграётгандир, аммо бу — ҳақиқат». Бу таъриф адолатсиз эди ва лойиҳа мақсадини бузиб ифодаларди. Нурсултон Назарбоев ҳеч қандай сиёсий тузилмалар тузишни таклиф қилмаганди. У МДҲ мамлакатларининг давлат ва миллий суверенитети сақлаб қолинишини қатъий таъкидлаётган эди. Гап фақат нисбатан яқинроқ иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида эди».

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари бу каби масалаларни кейинга қолдирса ҳам бўлади, деб ҳисоблашаётганди. Назаримда, дўстларим бу жараён босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилиши ва маълум бир вақт давом этишини ҳисобга олишмаганди. Кейинчалик кўп нарса ўзгарди. Қозоғистоннинг интеграцион ташаббусларини ўн йиллаб қўллаб-қувватламаган Ўзбекистон ҳам 2005 йил охирида Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиш истагини билдирди, бир неча ой ўтиб, 2006 йил бошида эса ЕврАзЭСга кузатувчи мақомида қўшилди. Шуни мамнуният билан қайд этишни истардимки, Ўзбекистоннинг 2016 йилда сайланган президенти Шавкат Мирзиёев биродар мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боряпти".

Маълумот учун: Ўзбекистон 2008 йили «ушбу давлатлараро бирлашма фаолиятининг самарадорлигига шубҳалари борлиги учун» ЕврАзЭСдан чиқиб кетган. 2015 йили ЕврАзЭС негизида Евросиё иқтисодий иттифоқи тузилади. Унга Ўзбекистон 2020 йили кузатувчи мақомида қўшилган.

Туркия ва Россия Тошкентда яраштирилгани ҳақида

Фото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданФото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

2015 йилнинг 24 ноябрида Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари мамлакат ҳаво чегарасини бузиб ўтган Россия қирувчи самолётини уриб туширади. Ушбу ҳодиса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кескин совуқлаштиради. Нурсултон Назарбоевнинг ёзишича, у Туркия ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатлар қайта тикланиши учун кўп ҳаракат қилган, хусусан, Туркия тарафига Эрдўғон номидан Путинга хат ёзишни таклиф қилган. Туркия бу таклифни маъқуллаб, қозоқ дипломатлари билан бирга хат матнини тайёрлаган. Хатнинг Россия вакилларига етказилиши ҳам катта бир тадбирга айланган.

«Ушбу чигаллик тугунлари, охир-оқибат, Тошкентда ечилди.

2016 йил 23 июнида Ўзбекистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг давлат раҳбарлари ўртасидаги йиғилиш бўлаётган эди. Ўзаро келишувимизга кўра, Туркия президенти Россия президентига ўша хатнинг нусхасини юбориши лозим эди. Элчи Жансейит Туймебаев эса Эрдўғон хатнинг нусхасини эмас, ҳақиқийси (оригинали)ни юбормоқчи эканини маълум қилди. Бунинг учун Эрдўғон Тошкентга ўзининг махсус борти билан ёрдамчиси Иброҳим Калинни юбормоқчи эди.

Шу муносабат билан яна бир масала пайдо бўлди. Ўзбекистон томони ўз пойтахтининг осмонини ёпганди: давлат раҳбарлари иштирокида бундай катта тадбирлар ўтказилаётганида шаҳар аэропорти хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа бирор самолётни қабул қилмайди, бу одатий ҳол. Биз ҳам шундай қиламиз. Ҳамма шундай қилади.

Шунда иккинчи вариантни кўриб чиқа бошладик — унга кўра, Туркия президентининг самолёти Чимкентга қўнади, Иброҳим Калин эса у ердан вертолётда чегарагача олиб келинади, Қозоғистон элчихонаси машинаси эса Эрдўғоннинг ёрдамчисини чегарадан «Дўрмон» қароргоҳига етказади. Аммо шу ўринда Ислом Каримов билан дўстона муносабатларимиз шарофати билан бу масала осон ҳал қилинди: Ўзбекистон президенти Туркия самолётининг Тошкентга қўнишига рухсат берди. Бу вақтда ҳали қаерга қўнишини билмаётган турк самолёти Қозоғистон осмонида айланиб юрган, ёнилғиси тугаётган эди.

Ва ниҳоят борт қўнди, Калин «Дўрмон»га етиб келиб, хатни топширишга улгурди. «Улгурди» деганим боиси, Владимир Путин ШҲТ саммити тугаши билан, расмий ташриф билан Тошкентдан Пекинга учиб кетиши керак эди. Нурлан Ўнжанов Эрдўғоннинг хатини Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаковга топширди. Россия президенти менинг олдимда конвертни очиб, хатни диққат билан ўқиди ва норози қиёфада бир нималар деди. Шунда мен: «Владимир Владимирович, Эрдўғон сизга қўлини узатяпти, қайтарманг», дедим. Россия етакчиси бу гапга кўнди, ўзига хос донолик намоён қилди. У нафақат менинг айтганларимга қўшилди, балки Эрдўғон билан телефон орқали гаплашиб олиш таклифимни ҳам маъқул топди…

Кўп ўтмай, Путин ва Эрдўғон телефон орқали музокара олиб борди. Эртасига эса Туркия президенти менга қўнғироқ қилиб, миннатдорлик билдирди ва: «Туркия халқи Қозоғистон президентининг ушбу тарихий миссиясини ҳеч қачон унутмайди», деб алоҳида қайд этиб ўтди. Сал кейинроқ, 2016 йил 16 август куни Сочидаги учрашувда Россия президенти Путин ҳам ўз миннатдорчилигини билдирди…".

Каримов ва Ельциннинг бассейндаги мусобақалашуви ҳақида

Фото: ShutterstockФото: Shutterstock

Нурсултон Назарбоев ўз китобида у билан бир вақтда фаолият олиб борган, у билан музокаралар ўтказган, бирга ишлаган бошқа давлатларнинг раҳбарлари ҳақида алоҳида-алоҳида хотиралар ёзган. Хусусан, Россия президенти Борис Ельцинни эсларкан, у билан Тошкентда бўлган қизиқ воқеани баён қилган.

«Борис Ельцин баъзида ёш болага ўхшаб қоларди. «Мен кучли одамманми ё кучсиз? Қалтис вазиятларда, қоида тариқасида, кучлиман. Оддий вазиятларда эса, ланжлашиб ҳам қоламан… Баъзан одамларнинг кўзи ўрганиб қолган Ельцинга умуман ўхшамай қоламан. Яъни, тентакларча… ёш болаларча… ечилиб кетишим ҳам мумкин», — деб ёзганди унинг ўзи.

У арзимаган масала устида оёқ тираб олиб, йўқ жойдан можаро чиқариши мумкин эди. Бир куни Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов менга қўнғироқ қилиб, олдига боришимни сўради. «Нима бўлди?» десам: «Ельцин расмий ташриф билан келяпти. Мен у билан гаплашолмайман. Уришиб қоламан. У сени ҳурмат қилади. Келиб, ёрдам бер», деди. Лекин бу алоҳида бир қўшни мамлакат бўлса. У билан бирга бориш ғалати кўриниши мумкинлигини айтдим. Каримов эса гапида қатъий туриб олди.

Мен Тошкентга бордим. Кечки қабулдан сўнг бассейнда чўмиладиган бўлдик. Ислом Каримов биринчи бўлиб сувга шўнғиб, қанчадир вақт сув остида турди. У ўз ҳаракати билан қолганларни гўёки ким кўпроқ сув остида тура олиши бўйича мусобақалашишга чорлаётгандек эди. Ельцин бундай вазиятларда умуман тинч ўтира олмасди. У ҳам сувга шўнғиб, бассейн тубига ётиб олди. Қўриқчилар соатларига қараб, вақтни ҳисоблай бошлашди. Бир дақиқа ўтди, иккинчиси ўтяпти. Ельцин қўриқчиларининг бошлиғи Коржаков: «Агар ҳозир олиб чиқмасак, у шу бассейнда ўлиб қолиши мумкин», деди. Шундай дея, Ельцинни сувдан олиб чиқишди.

Бу айтганларим — Ельцин феъл-атворининг ўзига хосликларидан бири. Ельцин йўлида тўғаноқ бўлганларга тоқат қилолмасди".

Ислом Каримов ҳақида

Фото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданФото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

Қозоғистон биринчи президентининг мемуарларида Ўзбекистон биринчи президенти ҳақида алоҳида сўз бормаслиги, табиийки, мумкин эмас. Назарбоев Каримовни «дўстим» деб атайди, айни вақтда ўзбекистонлик ҳамкасби ўзига етгунча қайсар бўлганини ҳам таъкидлайди.

«Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ бошқарган Ислом Каримов ўз мамлакати тарихида алоҳида ўринга эга. Ўзбекистон мустақиллигининг иқтисодий асосларини яратиш устида кўп меҳнат қилган бу инсон билан мулоқот йилларини мен алоҳида эслайман.

1998 йили биз пойтахтимиз — Остонанинг халқаро тақдимотини ўтказдик. Тадбир катта форумга айланиб кетганди. МДҲ мамлакатлари президентлари келган. Ўша тантанада сўзга чиққан Ислом Абдуғаниевич: «Мамлакат пойтахтини кўчириб, янги шаҳар қуришга журъат топиш учун одамда отнинг калласидек юрак бўлиши керак. Дўстим Нурсултонда эса мана шундай юрак бор», — деганди.

Унинг қатъиятли характерга эга инсон бўлганини тасдиқловчи биргина мисолни келтираман. Очиқчасига айтганда, у мураккаб шахс эди. Исталган муаммо бўйича ўзининг алоҳида, ўзига хос фикрини билдирарди. Шунинг учун ҳам у билан эришилган ўзаро англашув қадрлироқ бўларди. Биз чегара масаласида соатлаб гаплашганмиз. Ўзбекистонда аҳоли зич жойлашмаганми, баъзи нуқталарда чегара чизиғи — овул ё қишлоқ марказини қўя туринг — уй ўртасидан ўтиб кетганди. Дейлик, ошхона Қозоғистонда бўлса, ётоқхона — Ўзбекистонда. Нима қилмоқ керак, қандай йўл тутиш лозим? Ўшанда одамлар манфаатига мослашишга, аҳоли пунктларининг миллий таркибидан келиб чиқиб қарор қабул қилишга тўғри келган. Ёки Чордара сув омбори билан боғлиқ мисолни кўриб чиқсак. Сув ҳавзаси бизда бўлгани билан, тўғон Ўзбекистон тарафда қолиб кетиши мумкин эди.

Шундай кунларнинг бирида Ислом Каримов менга қўнғироқ қилди. «Олдингга бормоқчиман», деди. Яхши. Аммо президентнинг келиши билан дўстнинг келиб-кетиши орасида фарқ бор-ку. «Тўхта. Муҳокама учун мавзуларни белгилаб олайлик, тайёрланайлик», — дедим. Ислом Абдуғаниевич бўлса: «Муҳокама учун ҳеч қандай мавзу йўқ, сени кўрмоқчиман, гаплашмоқчиман». Ундаги изтироб менга ҳам кўчди. Уни кутиб олдим. Норасмий учрашув. Ўта шахсий муносабатлар. Ўшанда биз бошимиз билан суҳбатга шўнғиб кетдик. Кўплаб масалаларни ҳам ҳал қилиб олдик. Хусусан, чегарага алоқадорларини ҳам.

Ислом Каримов ўз мамлакатининг бардам раҳбари эди. Баъзида ўнғайсиз бўлиб қолишини айтмаса, биз у билан дўст эдик. Ислом Абдуғаниевич кутилмаганда инсультдан вафот этди.

Ўзбекистон биринчи президентининг эзгу ишларини унинг издоши, йирик сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёев изчил, самарали давом эттирди. Олиб борилаётган ислоҳотлар шарофати билан биродар мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ўсиб бормоқда. Қозоғистон билан кўп қиррали муносабатлар ҳам сезиларли даражада ривожлана бошлади".