Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка» номли мемуар асари нусхаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

6 декабрь куни Нурсултон Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай муаллиф дастхати қўйилган китобни Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадовга топширди.

«Тарихий жараёнлар ва шахсий муносабатни ўзида мужассамлаштирган китобда Нурсултон Назарбоев ўзининг ҳаёт йўли, мамлакатнинг шаклланиш ва ривожланиш даври тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашади. Республикага раҳбарлик қилган охирги ўнйилликлардаги воқеаларга баҳо беради. Китоб қаҳрамонлари орасида муаллиф сиёсий майдонда кесишган таниқли сиёсатчилар ҳам бор», — дейилади хабарда.

nazarbayev.kz.nazarbayev.kz.

Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон етакчиси, «атоқли сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёев»ни алоҳида қайд этади. Китобда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланган, дея таъкидлади ЎзА.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлиб, 1991 йилда сайланган ва 2019 йил мартигача — 25 йилдан ортиқ бу лавозимда ишлаган.

Назарбоевнинг «Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка» мемуари 1 декабрда чиқарилди. Китоб 22 бобдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири муаллифнинг шахсий ҳаёти ёки сиёсий фаолиятидаги воқеаларга бағишланган. Жумладан, Назарбоев ўз хотираларида Қосим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистон президенти этиб сайлаш қарори ва 2022 йил январида республикада бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари ҳақида сўз борган.