Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов Янги йил байрамини нишонлаш вақтида пиротехника воситаларининг кенг қўллангани масаласи юзасидан Божхона қўмитаси раисига сенатор сўровини юборди, деб хабар қилди юқори палата матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда пиротехника воситаларини ноқонуний ишлаб чиқариш, олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

«Шунга қарамай, яқинда нишонланган Янги йил байрами арафасида мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам пиротехника воситаларидан кенг кўламда фойдаланилди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди», — дейилади Сенат хабарида.

Сўровда байрам кунларида пиротехника воситалари туфайли аҳолининг, айниқса, кексалар, беморлар ва ёш болаларнинг тинчлиги бузилгани алоҳида таъкидланган. Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниб, фойдаланувчилар божхона органларидан шикоятларини билдирган.

Бундан ташқари, сўровда ОАВда божхона органлари томонидан пиротехника воситалари билан боғлиқ кўплаб қонунбузарлик ҳолатлари бартараф этилгани ҳақида хабарлар эълон қилинган бўлса-да, Янги йил байрами кечасида бундай чоралар кутилган самара бермагани қайд этилган.

Шундан келиб чиқиб, сенатор Божхона қўмитаси раисидан Ўзбекистонга пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ салбий ҳолатлар нега тўлиқ бартараф этилмаётгани ва бу воситаларнинг ноқонуний айланишига қандай омиллар сабаб бўлаётгани юзасидан маълумот тақдим этишини сўради.

Шунингдек, сенатор қонунчиликда бу борада қандай бўшлиқлар мавжудлиги, қонунбузарликларни тўлиқ бартараф этиш бўйича божхона органлари томонидан тезкор равишда амалга ошириладиган чоралар тўғрисида ҳам маълумот беришни сўради.