16 ноябрдан буён ўтказилган рейдлар доирасида Ўзбекистонда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 3641 та ҳолат қайд этилди, деб хабар бермоқда ЎзА ИИВга таяниб.

Натижада 8 миллиард 920 миллион сўмлик пиротехника воситалари олиб қўйилган. 1941 нафар ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилиб, 26 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

28 декабрь куни Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Янги йил байрами арафасида умумий қиймати 201 миллион сўм бўлган 182,83 минг дона салют ва петардаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Фарғона вилоятида божхона органлари вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда умумий қиймати 68 миллион сўмлик 108 минг дона пиротехника воситаларини аниқлади.

2009 йил охирида ҳукумат қарори билан Ўзбекистон ҳудудига пиротехника воситаларини олиб кириш, шунингдек, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш вақтинчалик тақиқланган. Пиротехника маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ундан фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистонга ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқиш, шунингдек, пиротехника маҳсулотларини реализация қилиш, ҳуқуқбузарлик буюмлари мусодара қилинган ҳолда 1,7 миллион сўмдан 6,8 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Пиротехника воситалари, улар учун қурол ва ўқ-дорилар, ҳарбий маҳсулотлар рекламасига қўйиладиган талабларни бузиш БҲМнинг 50 баравари миқдорида (17 миллион сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Тақиқланганига қарамай, ҳар йили катта миқдорда пиротехника воситалари мусодара қилинади. Уни бозорларда топиш ва сотиб олиш қийин эмас.