2023 йил 29 декабрь куни Нукус шаҳри 23-кичик туманда 2 киши номаълум этиологияли модда таъсирида заҳарланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг ҳолатни текшириш бўйича 6 январдаги қарорида сўз боради.

Улар заҳарлангач, Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига ётқизилган. Аммо фуқаролардан бири кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этган.

Шаҳар ҳокими қарори билан ҳоким ўринбосари бошчилигида мазкур ва бошқа бахтсиз ҳодисалар сабабларини текшириш ҳамда олдини олиш бўйича комиссия тузилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этганди.