Дунё бўйлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг табиий офатлардан ўлим даражаси ногиронлиги бўлмаганларга қараганда тўрт баравар юқори. Дунё аҳолисининг 15 фоизида қандайдир ногиронлик мавжуд бўлсада, кўплаб мамлакатларда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирлар уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмайди. Ўзбекистон ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларини ҳисобга олганда иқлим ўзгаришига мослашишга қанчалик тайёр?

2022 йил ноябрь ойида Жаҳон банки томонидан ўтказилган тадқиқот доирасида Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар иқлим ўзгаришининг уларнинг ҳаёт тарзи, соғлиғи ва фаровонлигига таъсир қилиши мумкин бўлган оқибатларига тайёр эмаслигидан хавотир билдирган эди.

Тадқиқотда Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг олтита қишлоқ ва бир қанча шаҳарларида яшовчи 20 нафарга яқин ногиронлиги бўлган фуқаролар, шунингдек, ушбу тоифадаги инсонлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг 40 нафар ходими иштирок этди.

Ушбу тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахслар иқлим ўзгариши оқибатлари олдида қанчалик заифлигини ўрганишдан иборат. Унинг хулосалари Жаҳон банкининг «Иқлим ўзгариши ва Ўзбекистонда ногиронлик инкюзияси» ҳисоботида батафсил баён этилган (ўзбекча версияси қуйидаги ҳаволада).

2022 йил апрель ойида Жиззах вилояти қишлоқларида вайронкор селлар оқибатида уйлар ер билан битта қилган, инфратузилмага зарар етказган ва беш киши ҳалок бўлган эди. Жаҳон банки тадқиқотида иштирок этган респондентлар орасида Жиззах вилоятида яшовчи Шаҳзод (исми ўзгартирилган) ҳам бор эди, унинг қишлоғи ҳам мазкур табиий офатдан зарар кўрган. Жисмоний нуқсонини ҳисобга олганда, Шаҳзод келажакда юзага келиши мумкин бўлган бундай табиий офатлар пайтида уйини зудлик билан тарк этишга тўғри келиб қолса, қандай қийинчиликларга дуч келишини тасаввур ҳам қила олмайди.

Шахзод қўлида пластик қувурлардан ясаган ҳассаси билан қишлоқнинг нотекис, асфальтланмаган кўчаларида бошқалар ёрдамидагина юра олади. Яқинда содир бўлган сельдан сўнг у бир ҳафта касалхонада ётди ва шунга ўхшаш ҳодисаларнинг такрорланиши ва ногиронлиги бўлган шахсларни эвакуация қилиш учун етарли воситаларнинг йўқлиги яна унга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда. Ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ҳолатларга дуч келишмоқда.

Ижтимоий изоляция ногиронлиги бўлган шахсларни янада заифроқ қилади

Дунёнинг кўплаб давлатлари каби Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгариши оқибатларидан азият чекади. Қурғоқчилик, ҳаво ҳароратининг исиб кетиши, тартибсиз ёғингарчилик, кўчкилар, сув танқислиги ва ҳавонинг ифлосланиши тез-тез кузатилиб туриши ва уларнинг таъсири жиддийроқ бўлиб бориши кутилмоқда. Бир пайтлар дунёдаги тўртинчи энг катта кўл бўлган Орол денгизининг қуриши ҳам мамлакатнинг катта қисми учун салбий экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келмоқда. Ушбу оқибатлар ногиронлиги бўлган шахсларга қандай таъсир қилиши мумкин?

Жаҳон банки тадқиқоти доирасидаги интервьюлар шуни кўрсатдики, ногиронлиги бўлган шахслар Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидан кўп жиҳатдан четда қолиб кетган. Деярли барча респондентлар турли омиллар, жумладан, ижтимоий камситиш, ҳаракатланиш учун ёрдамчи қурилмаларнинг йўқлиги ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини осонлаштирадиган жамоат инфратузилмасининг йўқлиги сабабли ўз уйларида изоляцияда яшашга мажбур. Шундай қилиб, буларнинг барчаси уларнинг оиласидан ташқаридаги одамлар билан ўзаро муносабатга киришишларини чеклайди, шунингдек, табиий офатлар пайтида ногиронлиги бўлган шахсларни самарали эвакуация қилиш учун тўсиқ бўлади.

Шунингдек, респондентларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимият органлари йиғилишларида қатнашиш имконияти йўқлигини таъкидлади. Сиёсий жараёнларда иштирок этмаслик қисман уларнинг атрофидаги макон билан боғлиқ. Шундай қилиб, қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинларидаги тадқиқот давомида ўрганилган биноларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун зарур инфратузилма мавжуд эмаслиги аниқланди. Ушбу биноларга кириш жойларида тутқичсиз ва пандуссиз тик зинапоялар бўлган, бу эса ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ушбу биноларга киришини имконсиз қилиб қўяди. Шундай қилиб, ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилишда, шу жумладан маҳаллий даражада фуқароларнинг ушбу гуруҳи учун шароитларни яхшилашда иштирок эта олмайди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга қўшмаслик иқлим ўзгариши шароитида хавфларни оширади

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдан четлаштирилиши иқлим ўзгариши шароитида уларга нисбатан хавфларни оширади. Масалан, асосий тиббий хизматлар ва ёрдамчи реабилитация воситаларидан, шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизимидан фойдаланишдаги мавжуд тўсиқлар туфайли. Фавқулодда вазиятларда одамларнинг соғлиғи ва ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжи ортиб бориши сабабли, иқлим ўзгариши билан боғлиқ офатлар пайтида бу қийинчиликлар янада жиддийроқ бўлиши мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг чекланган мақоми уларни ижтимоий тармоқларда ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятида фаол иштирок этишдан, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирлар, шу жумладан фуқароларнинг ушбу гуруҳининг эҳтиёжларига бевосита таъсир кўрсатадиган маҳаллий қарорларни қабул қилишда шу жумладан табиий офатларга тайёргарлик кўриш ва уларни бартараф этиш жараёнларида, уларнинг овозини бўғиб қўяди. Сўров иштирокчилари, шунингдек, зарур тиббий хизматлар, ёрдамчи воситалар, ногиронлик бўйича нафақа ва пенсияларни олиш учун давлат хизматларидан фойдаланишда дуч келаётган қийинчиликларни қайд этдилар.

Бундай қийинчиликлар, айниқса, қишлоқлар вилоят марказларидан узоқда жойлашган, жамоат транспорти хизматлари чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштирилмаган Ўзбекистон қишлоқ жойларида тез-тез юзага келади. Шундай қилиб, респондентлардан бири, умуртқа поғонаси шикастланган аёл, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганида, маҳаллий ҳокимият унга тегишли ёрдам кўрсатмаганлигини таъкидлади.

Табиий офатларни бошқаришдаги муаммолар

Тадқиқот давомида респондентлар ушбу тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинмаган табиий офатларни бошқариш тизимидан хавотирда эканликларини билдирдилар. Шундай қилиб, ҳаракатланиш имконияти чекланган интервью иштирокчилари табиий офатлар пайтида аҳолини эвакуация қилиш учун зарур бўлган йўлларнинг ҳолати ёмон эканлигини қайд этдилар.

Шу билан бирга, кўриш ва эшитиш қобилиятида нуқсони бор респондентлар фавқулодда огоҳлантириш хабарларига, шу жумладан телевидение орқали, етарлича таяна олмаслигини таъкидладилар, чунки кўпинча маҳаллий телекўрсатувларда имо-ишора тилидан таржима мавжуд эмас. Шу сабабли, улар тегишли воқеалар ҳақида хабардор қилишлари мумкин бўлган бошқа одамларга таянишга мажбур. Бироқ, ҳамма вақт ҳам табиий офатлар вақтида бундай ёрдам мумкин бўлмаслиги мумкинлиги хавфи мавжуд.

Иқлим ўзгаришига мослашишни янада инклюзивроқ қилиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар

Ўзбекистондаги вазият бошқа давлатлардагидан ажралиб турмайди. Жаҳон банки тадқиқоти натижалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатлар хавфини камайтириш бошқармасининг 2023 йилги глобал онлайн сўровномаси натижаларига мос келади. Бутун дунё бўйлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг атиги 8 фоизи табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича маҳаллий режалар ушбу гуруҳ вакилларининг махсус эҳтиёжларини ҳисобга олишини таъкидлаган. 86 фоиз иштирокчилар маҳаллий даражада табиий офатларга тайёргарлик кўриш бўйича қарор қабул қилиш ва режалаштиришда иштирок этмаганликларини маълум қилишган.

Юқорида қайд этилган муаммоларнинг айримларини жисмоний инфратузилмани ривожлантиришга сармоя киритиш ва уни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш орқали ҳал қилиш мумкин. Бошқа масалалар коммуникация тизимини ислоҳ қилиш ёки ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фавқулодда хизматларни янада тизимли режалаштиришни талаб қилади.

Ўзбекистон ҳукумати ногиронлиги бўлган шахсларнинг табиий офатлар хавфини бошқаришни режалаштириш жараёнларида иштирокини яхшилаш бўйича муайян чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу, жумладан, зарур меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш бўйича ҳаракатларни ўз ичига олади. Хусусан, 2021 йил июнь ойида БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди, 2021 йил январь ойидан кучга кирган «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси иштирокчи-давлатларни иқлим ўзгариши таъсири билан боғлиқ режалаштириш ва хавфларни бошқариш жараёнларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив ва қулай иштирокини таъминлашга мажбур қилади. Жаҳон банки тадқиқоти ушбу мақсадга эришишга ёрдам берадиган, шунингдек, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқлим ўзгариши оқибатлари олдида заифлигини камайтиришга ёрдам берадиган бир қатор чора-тадбирларни тавсия қилади.

Хусусан, муаллифлар расмийларга қуйидаги чора-тадбирларни қабул қилишни тавсия қилади:

  • Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятида, айниқса, энг чекка қишлоқларда, иштирок этишидан бошлаб, ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Ногиронлиги бўлган фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига, жойларда қарорлар қабул қилишнинг барча жараёнларига кенг жалб этиш учун маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга;
  • Ногиронлиги бўлган шахсларнинг айниқса иқлим ўзгариши сабабли фавқулодда вазиятларда асосий тиббий хизматлар ва реабилитация воситаларидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш;
  • Иқлим ўзгариши шароитида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, уларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ҳажмини ошириш орқали ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги қамровини кенгайтириш (мослашувчан ижтимоий ҳимоя);
  • Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда табиий офатларга тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб бериш бўйича кўрсатмаларни қайта кўриб чиқиш. Бу фуқароларнинг ушбу гуруҳи учун шошилинч ишонч телефонлари, эвакуация пунктлари, вақтинчалик уй-жой ва тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонларни ўз ичига олиши мумкин;
  • Ушбу соҳадаги ислоҳотларни режалаштириш, жавоб бериш ва ишлаб чиқиш учун ногиронлик бўйича маъмурий маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ва даражасини ошириш.
  • Ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг ташкилотлари иштирокида иқлим ўзгаришининг сабаблари ва оқибатлари, шунингдек, мослашиш йўллари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияларини ташкил этиш.

Тадқиқот натижалари ва тавсиялари билан Жаҳон банкининг рус ва ўзбек тилларидаги ҳисоботида батафсил ўқишингиз мумкин.

Адам Ауэрбах, Одри Сакс ва Дилмурод Юсупов.