Самарқанд вилояти маҳаллаларидаги икки нафар ҳоким ёрдамчилари — 1990 йилда туғилган Х.Э. ва Б.В. (1975 йил) пора олганликда гумонланиб қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, улар жиноий тил бириктириб, ҳокимлик захирасида бўлган «Сиёб» канали яқинида бўш турган 3,5 сотих ер майдонини аукционга қўйиш ва ютишда ёрдам бериш учун маҳаллий фуқародан 1300 доллар талаб қилган. Президентнинг 2021 йил 3 декабрдаги фармонига асосан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун ер майдони ажратилиши бунда баҳона бўлган.

Ҳоким ёрдамчилари бўлажак кимошди савдоси «ғолиби»га туман ҳокимлигидаги дўстлари орқали ернинг кадастр ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам беришни ваъда қилган. Улар 1000 доллар миқдоридаги бўнакни бераётган вақтида ушланган. Операция Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармалари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган.

Бошқа ҳолатлар

коррупция

Самарқанд давлат университети математика факультети тьютори Т.А. (1975 йил) 3000 долларни олаётган вақтда қўлга тушди. Тергов маълумотларига кўра, у маҳаллий фуқароларнинг (уларнинг сони кўрсатилмаган) меҳнат фаолиятларига 20 йиллик иш стажи қўшиб, нафақага чиқариб бериш мақсадида Пенсия жамғармасининг вилоят бўлими мансабдор шахслари билан тил бириктирган.

коррупция

Яна бир ҳолатда эса Жиззах вилоятида яшовчи 1994 йилда яшовчи Ў.М. Навоий кон-металлургия комбинатидаги танишлари орқали (уларнинг сони кўрсатилмаган) фуқарога «Маржонбулоқ» ва «Зарафшон» олтин конларидан бирига ишга жойлашишда ёрдам беришни ваъда қилган. Бунинг учун у 2000 доллар талаб қилган ва пулни олганидан кейин қўлга тушган.