Саудиянинг ACWA Power компанияси билан пилот лойиҳа доирасида Тошкентга иккита водород автобуси (водоробус) келтирилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ноябрь ойи охирида Тошкент вилоятида «яшил водород»ни «пилот» тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни бошлаб берганди. Ушбу «пилот» лойиҳа доирасида мамлакатда биринчи босқичда 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва кейинчалик минерал ўғитларга қайта ишланади, шунингдек, 52 мегаваттлик шамол электр станцияси қурилади. Аввалроқ иншоот Чирчиқ шаҳридаги аммиак заводи негизида қурилиши ҳақида ёзгандик.

2022 йил июнь ойида Ўзбекистон аммиак ва водородли ёнилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида ҳаракатланувчи транспорт воситасининг тажриба намунасини ишлаб чиқишни режалаштираётгани хабар қилинганди.