Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳалар — Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида «яшил водород»ни «пилот» тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни бошлаш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

acwa power, буғ-газ электр станцияси, яшил водород

Таъкидланишича, Сирдарёдаги қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган иссиқлик электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига эҳтиёжини таъминлашга имкон беради.

Бундан ташқари, минтақада илк бор «яшил водород» ишлаб чиқариш бўйича корхона ташкил этилмоқда. Президент матбуот хизмати уни «ўхшаши йўқ» дея таърифлади.

Ушбу «пилот» лойиҳа доирасида мамлакатда биринчи босқичда 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва кейинчалик минерал ўғитларга қайта ишланади, шунингдек, 52 мегаваттлик шамол электр станцияси қурилади.

acwa power, буғ-газ электр станцияси, яшил водород

Маълумот ўрнида, ACWA Power компанияси иштирокида Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг ишга туширилиши 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш, 4,5 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш ва атмосферага зарарли моддалар ташланмаларини 3 миллион тоннагача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.