Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жамоат тартибини бузиб, қоидаларни менсимаган 4 нафар йигитга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди, деб хабар бермоқда шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

1 январь куни соат 00:10 атрофида бир неча шахслар Чилонзор тумани Сўгалли ота кўчасида автомобилларни бошқариш пайтида турли авариявий ҳолатларни содир этган.

Қайд этилишича, улар шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, жамиятдан юриш-туриш қоидаларини қасддан бузгани сабабли ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича судига тақдим қилинган.

ЙҲХБ тайёрлаган видеоматериалдан қоидабузарлар Cobalt, Gentra, Spark автомашиналарида ҳаракатланганини, ҳаракат давомида хавфли манёврлар, жумладан, дрифт қилганини кўриш мумкин.

Маълум бўлишича, уларнинг ҳеч бирида автомобиль бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган.

«Бу дадамнинг машинаси, мойка қиламан деб олиб чиқиб кетгандим», — дейди 19 ёшли йигит.

Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган қоидабузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, БҲМнинг 1 баравари миқдорида (340 минг сўм) жарима ҳамда узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланди.

Шунингдек, қоидабузарликка йўл қўйган икки нафар вояга етмаган шахснинг ота-оналарига нисбатан шу кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича чора кўрилиб, профилактика ишлари олиб борилди.