29 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат берилган фаолият турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар қилди IT-Park матбуот хизмати.

Эндиликда IT-Park резидентлари мультимедиа ва дизайн хизматларини (веб-дизайн, график дизайн, компьютер ўйинлари дизайни, вектор графикаси, 3D графика, визуализация, моушен-дизайн) кўрсатиш, дастурий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда мультипликация маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари соҳасида венчур молиялаштириш ва акселерация дастурларини амалга ошириш фаолиятини, шунингдек, киберспорт соҳасида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, янги фаолият турларига мувофиқ IT-Park резиденти мақомини олиш учун юридик шахслар қуйидаги мезонларга жавоб бериши керак:

  • венчур молиялаштириш учун — юридик шахслар IT-Park ёки унинг филиаллари ҳудудидаги юридик манзилда жойлашган бўлиши керак;
  • киберспорт соҳасида хизматлар кўрсатиш учун — юридик шахслар IT-Park томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича халқаро сертификатга эга бўлиши керак.

Янги фаолият турлари ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларни кенгайтиради, ёшларнинг мультимедиа, дизайн, анимация, киберспорт бўйича билимларини ривожлантиришга хизмат қилади, шунингдек, стартапларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида IT-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.