Асилбек Анварович Худаяров Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаси маълум қилди.

Бу ҳақдаги қарор бош вазир Абдулла Арипов иштирокидаги «танқидий руҳда» ўтган йиғилишда эълон қилинди, дея таъкидлади манба.

Асилбек Худаяров 2023 йил октябрь ойи сўнгидан буён ишлаб келаётган Президент администрацияси Ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимини ҳам сақлаб қолди. Яъни, унда иккита лавозим бор: ПА Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи.

Бунгача у Президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси бошлиғи, унгача — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2022 йил декабрь ойининг сўнгидан буён соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ҳозирда меҳнат таътилида бўлган Амрилло Шодиевич Иноятов ишлаб келаётган эди.

Амрилло Иноятов. Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги.Амрилло Иноятов. Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги.