Ўзбекистон президенти администрациясида қатор тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унга кўра, Асилбек Анварович Худаяров администрациянинг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У шу вақтгача мазкур лавозимда ишлаган Алишер Саъдуллаевнинг ўрнини эгаллади. Қолаверса, Асилбек Худаяров ўз вақтида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Гаянэ Олеговна Умерова департаментнинг раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланди. Шунингдек, у Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси лавозимида фаолият юритмоқда.

Ижтимоий ривожланиш департаментига Одил Абдураҳмонов раҳбарлик қилади. Алишер Саъдуллаев унинг биринчи ўринбосари бўлди.

Шунингдек, Жобир Одилович Азимов президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У тайинловга қадар Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган.