Андижонда маст ҳолатда машина ҳайдаган ҳайдовчи ЙТҲ содир этди, оқибатда икки киши жабрланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

3 январь куни тармоқларда катта тезликда ҳаракатланаётган автомобиль йўл четида тўхтаб қолган машинага урилгани акс этган видео тарқалди.

Жароҳатланганлардан бири ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходими, иккинчиси эса яна бир ҳайдовчи бўлган. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ИИБ вакилининг оёғида, ҳайдовчининг эса қовурға ва болдир суягида ёпиқ синиш жароҳати аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. ЙТҲ содир этган ҳайдовчи процессуал тартибда қўлга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.