30 декабрь куни тушдан кейин Украина армияси Россия билан чегарадош Белгород шаҳри марказини ўққа тутди, деди Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков. 31 декабрь тонгига кўра, 22 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди, 109 киши жароҳатланган.

«30 та кўп қаватли уй, 381 та квартира, бир нечта хусусий уйлар, кўплаб машиналар зарар кўрди. Бугун тиклаш ишлари давом эттирилади», — дейди Гладков.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Белгородга ҳужум «тақиқланган кассетали ўқ-дориларга эга иккита «Ольха» ракетаси, шунингдек, Чехияда ишлаб чиқарилган «Vampire» ялпи ўт очиш реактив тизими снарядлари томонидан амалга оширилган.

Хабарда, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракета ва снаряларнинг катта қисмини нишонга олгани, аммо баъзиларининг қолдиқлари «шаҳарга қулагани» айтилади. «Шаҳарга „Ольха“ ракеталари томонидан тўғридан-тўғри зарба берилган тақдирда, оқибатлари бемисл даражада оғирроқ бўларди», деб таъкидлади Россия Мудофаа вазирлиги.

BBC рус хизматининг қайд этишича, Украина билан чегарадан 30 км узоқликда жойлашган Белгороднинг ўққа тутилиши «камдан-кам учрайдиган ҳодиса, аммо бундай кучли ҳужумлар илгари ҳеч содир бўлмаган».

Украина расмийлари шанба кунги зарбани расман изоҳламади, бироқ Украина оммавий ахборот воситалари хавфсизлик хизматларидаги манбаларга таяниб, ҳужумни Россиянинг бир кун аввал Украина шаҳарларига берган энг йирик ҳаво ҳужумига жавоб деб атади. Охирги маълумотларга кўра, ушбу ҳужум қурбонлари сони 39 кишига етган, 150 дан ортиқ киши жароҳатланган.

«Украинская правда»нинг махсус хизматлардаги манбаси Белгороддаги вайронагарчилик ва қурбонларни Россия ҳаво мудофаасининг «нопрофессионал ҳаракатлари» дея изоҳлади. Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, мудофаа кучлари Белгород вилоятидаги ҳарбий нишонларга ҳужумлар уюштирган.

БМТ Украина ва Россия шаҳарларига қилинган ҳужумларни сўзсиз қоралашини билдирди. Шанба куни бўиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида БМТ бош котиби ёрдамчиси Холид Хияри уруш «эскалацияси ва тарқалишининг реал хавфи»дан огоҳлантирди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Украинани «тинч шаҳарга қасддан комбинацияланган зарба беришда» айблади.

Украинанинг БМТдаги миссияси маслаҳатчиси Сергей Дворникнинг айтишича, Россия Украина шаҳарларига берган оммавий зарбасидан сўнг вайроналар остидан ҳалок бўлганларнинг жасадларини чиқариш давом этмоқда. Бундан ташқари, унга кўра, Россия Украина ҳудудини ўққа тутишни тўхтатгани йўқ.

«Уруш оқибатида инсоният азобланиши ва ҳалокатини тўхтатишнинг ягона йўли бор: урушнинг ўзини тўхтатиш», — дея таъкидлади Дворник.