Ўзбекистонда 2024 йилдан юк кўтариш қуввати 10 тонна бўлган юк автотранспорт воситалари ва тиркамаларига автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиш ҳуқуқи учун йиғимлар жорий этилади. Бу парламент томонидан қабул қилинган ва президент томонидан имзоланган келаси йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда кўрсатиб ўтилган.

Аввалига юк кўтариш қуввати 10 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари учун республика ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига юк автомашиналаридан етказилган зарарни ҳисобга олган ҳолда БҲМнинг беш баравари миқдорида (1,65 миллион сўм) йўл солиғи жорий этилиши белгиланганди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳокамалар чоғида депутат Мухторжон Ҳожиматов 15 тонна юк олиб кетаётган ҳам, 60 тонна юк ташиётган ҳам бир хил миқдорда тўлов амалга ошириши нотўғри эканини айтди.

«Мазкур йиғимнинг жорий этилиши йўл инфраструктурасига етказилаётган зарарни қопламаслиги аниқ», — деди у ва Ҳисоб палатаси ставкаларни юк машинасининг юк кўтариш қобилиятига қараб турли тоифаларга ажратишни таклиф қилганини таъкидлади.

Якунда бу таклиф инобатга олинди. Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан 25 тоннагача бўлган юк автотранспорт воситалари ва тиркамалари учун йиғим БҲМнинг 5 баравари (1,7 миллион сўм), 25 дан 35 тоннагача — БҲМнинг 8 баравари (2,72 миллион сўм), 35 тонна ва ундан юқори — БҲМнинг 10 баравари (3,4 миллион сўм) миқдорида бўлади.

Маблағлар автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасига йўналтирилади.