Баъзида кино кўргинг келадию, лекин нима кўришни билмайсан: кинодан кўпи борми? Лекин бир тавсия бўлсаю, унга ишониб, томошани бошласанг. «Газета.uz» муштарийларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтишига кўмаклашиш ниятида «Нима кўрамиз?» лойиҳасини давом эттиради. Кино ижодкорлари, сценарийнавислар, ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, жамоат фаолларидан ҳар ҳафта «Нима кўрамиз?» деган саволга жавоб оламиз. Мақсад — кинонинг яхшисини кўрайлик, вақтимиз беҳуда кетмасин.

«Нима кўрамиз?» лойиҳасининг бу галги меҳмони — блогер, «Susambil» лойиҳаси муаллифи Нодир Нишонов.

Сўнгги вақтларда кўрилган фильм ва сериаллардан тавсиялар

Сўнгги вақтларда тўлиқ метражли фильмларга эмас, сериалларга кўпроқ қизиқяпман ва кўпроқ сериал томоша қилишга одатланганман. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Узоқ 2008 йили асли Тошкентда туғилган, ҳозирда Голливуднинг катта режиссёрлардан бири ҳисобланган, ҳатто «Тахтлар ўйини» каби оламшумул сериалнинг пилот қисмларини суратга олган ва бошқа кўплаб сериалларнинг ижодкори саналган Алик Сахаровнинг интервьюсида бир қизиқ фикрга кўзим тушган эди. Ўшанда Сахаров: «Кун келиб бадиий фильмлар кинематографияни тарк этади ва бадиийлик сериаллар кўринишида сақланиб қолади», деганди. Тўғриси, режиссёр бу гапи билан айнан нимани назарда тутганини ўшанда яхши тушунмаган эдим.

Лекин орадан йиллар ўтиб, бу нарсани амалда кўряпмиз: тўлиқ метражли фильмлар, ҳарқалай менинг назаримда, қандайдир бир хил қолипга тушиб қолгандек, маълум бир сюжет доирасидан чиқиб кета олмаётгандек. Албатта, бу муаллифлик фильмларига ёки даҳо режиссёрларнинг ишларига тааллуқли эмас. Лекин аксар оммабоп фильмлар айнан бир қолипга тушиб қолгандек. Сериалларда эса, аксинча, бундай ҳолат йўқ: сериаллар томошабинни ҳайрон қолдириш, унга эстетик завқ бағишлаш, қандайдир саргузаштлар сари чорлаш қувватини ўзида яхши сақлаб қола оляпти. Шу боис бўлса керак, бугун сериалларга қизиқиш, талаб кўпроқ (тўғри, бунда пандемиянинг таъсирини ҳам инобатга олиш керак).

Қуйида «Сўнгги вақтларда кўрилган фильмлар ва сериаллар» қисмида келтирилаётган лойиҳаларнинг баъзилари янги бўлмаслиги мумкин, лекин сўнгги пайтларда кўрганларим ичида айнан тавсия қилишни жоиз деб топганларимни санаб ўтишга ҳаракат қилдим. Улар ҳар хил мазмундаги, турфа градациядаги лойиҳалар, бари бир-биридан қизиқарли. Ўзим гик бўлганим, гик-маданиятга қизиққанлигим туфайли, табиийки, кўпроқ илмий-фантастик ва фентези жанридаги фильм ва сериалларни, қолаверса, тарихга бўлган муҳаббатим туфайли ҳужжатли фильмларни ҳам тавсия этишга ҳаракат қилдим.

Фикримча, бу фильм ва сериаллар томошабинларни нафақат ўйлантиради, шу билан бирга сюжетларидаги ажойиб саргузаштлар шарофати билан уларга умуман бошқача оламларга саёҳат қилиш имкониятини ҳам беради. Зотан биз фильм ва сериалларни айнан шунинг учун — кундалик турмуш ташвишларидан маълум бир вақтга бўлса-да узилиб, бошқа инсонлар ҳаётини кузатиш, бошқа оламларга саёҳат қилиш учун кўрамиз.

«Форс тили дарслари»

«Persian Lessons», 2020

Назаримда, бу фильм ҳақида интернетнинг ўзбек сегментида кўп баҳс-мунозаралар бўлди. Тақдир тақозоси билан мен уни нисбатан кеч кўрдим. Очиғи, фильмнинг руҳияти, ундаги маъно-мазмундан лол қолмаслик иложсиз. Мен бу фильмга дастлаб номидан қизиқиб қолгандим. Қолаверса, Instagram ва Tiktok’да айнан шу фильмдан олинган лавҳаларни кўриб, қизиқишим ортганди.

1942 йили нацистлар концлагерига олиб келинган Жиль Кремьенинг тақдиридан ҳикоя қилувчи фильм ўз моҳияти бўйича «Шиндлер рўйхати»ни ёдга солади. Унда уруш ва унинг даҳшатлари, ушбу даҳшатлар денгизидаги оддий инсоннинг ҳаёт учун кураши, бу кураш йўлида нималарга қодирлиги каби муҳим масалалар ўртага ташланади. Уни шунчаки кўриш керак. Томошабиннинг вақтига арзийдиган картиналардан.

«Усмонли салтанатининг юксалиши»

«Rise of Empires: Ottoman», 2020−2022

Турк халқининг ўз тарихига бўлган муҳаббати ҳатто Ғарб стримингида ҳам ўз ифодасини топди — доку-драма («ҳужжатли драма») жанридаги ушбу лойиҳа Netflix’нинг Туркиядаги шуъбаси томонидан суратга олинган. Аввало маҳаллий — Туркия бозори учун мўлжалланган лойиҳа бўлишига қарамай, жаҳон миқёсида ҳам катта қизиқиш ва олқишлар билан қарши олинди. Иккинчи блогерлик фаолиятим тарих билан ҳам боғлиқ бўлгани боис ҳужжатли сериални мазза қилиб томоша қилдим.

Лойиҳа икки мавсумдан иборат. Биринчиси — Усмонли туркларнинг буюк ҳукмдори Фотиҳ Султон Меҳметнинг болалик йиллари ва Истанбулнинг у томонидан фатҳ этилишига бағишланган. Иккинчи мавсуми эса Фотиҳ Султон Меҳмет ва машҳур Дракула образининг реал тарихдаги прототипи Влад Цепеш ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида.

Назаримда, ҳозир томошабинлар орасида ҳам тарихга қизиқиш жуда катта. Бу ҳужжатли фильмларнинг ажойиб томони шундаки, унинг бадиий — актёрлар роль ўйнаган ўринлари ҳам мукаммал, нуфузли тарихчиларнинг чиқишлари, (улар орасида машҳур Илбер Ўртайлини ҳам учратиш мумкин), тарихий воқеаларни таърифлаб бериши фильмни янада ранг-баранг ва қизиқарли қилган.

«Қум одам»

«Sandman», 2022 — …

Ушбу сериал энг яхши кўрган ёзувчиларимдан бири, америкалик адиб Нил Гейманнинг комикси асосида Netflix томонидан суратга олинган. Гейманнинг «Америка тангрилари», «Қум одам» ва фентези жанридаги бошқа кўплаб асарларини севиб ўқиганман, шу жиҳатдан машҳур «Қум одам» комиксини экранда кўриш чиндан ҳам қизиқарли.

Сериал нима ҳақида? Унда инсон ҳаётидаги энг сирли, энг мавҳум жараёнлардан бири — тушларнинг фалсафий моҳияти фентези унсурлари орқали жуда чиройли кўрсатиб берилган. Тушлар нима? Уларни ким бошқаради? Адиб шу каби саволларга хаёлий ҳам сеҳрли жавоблар бериб уринган. Жуда ҳам чиройли компьютер графикаси, визуал ечимлар, актёрларнинг қойилмақом ижроси, қолаверса, рассомларга хос қандайдир абстракт ечимлар ҳақиқатан ҳам кўзни қувонтиради.

Оқшом соатларида сеҳрли оламга йўл олишни истаганлар учун ажойиб танлов деб ўйлайман — ундаги маъно, моҳият, назаримда, томошабинни ўзига ром этади. Дарвоқе, сериалнинг ёш чеклови — 18+.

«Йигитлар»

«The Boys», 2019 — …

Ўзбекистонда ҳам «Йигитлар» номи билан машҳурликка эришган бу сериални тавсия қилишга, очиғи, бошида иккиландим. Бу сериал кўпдан бери муҳокама қилинади, шунга қарамай мен уни жуда кеч кўрдим ва, алоҳида таъкидлаш жоизки, у кўнгли бўшлар учун эмас (бу сериал ҳам 18 ёшдан катталар учун). Унда XXI асрга хос ва мос муҳим мавзулар, масалалар: халқаро терроризм муаммоси, оммавий ахборот воситаларининг инсонларга, уларнинг тафаккурига, дунёқарашига таъсири, ҳамма нарсанинг ортида аслида бошқа бир моҳият яширилгани кабилар кўтарилган. Ҳатто экология мавзусига ҳам ушбу жирканчдек кўринадиган сериалда жой топилган.

Сериалда биз адолат пешвоси, мамлакатлардаги тинчликни таъминлаб берувчи сифатида кўришга одатланиб қолган идеал супер-қаҳрамонлар аслида талтайиб кетган, жирканч, адолатни шунчаки ниқоб қилиб олган, ифлос ишларга бел боғлаган шоу-бизнес юлдузларига қиёсланади. «Йигитлар»ни оқшом соатларида дам олиш учну кўриладиган сериалар рўйхатига киритиш бироз ноўрин, лекин қоғозга ўралмаган очиқ-ойдин ҳақиқатларга тоқатли, яхши экшн, яхши драма элементларини хуш кўрадиган томошабинларга, назаримда, бу сериал жуда ҳам ёқади.

«Узуклар ҳукмдори: Қудрат узуклари»

«The Lord of the Rings: The Rings of Power», 2022 — …

Машҳур ёзувчи Жон Толкиннинг «Узуклар ҳукмдори» роман-эпопеяси асосида суратга олинган оригинал фильм-трилогияга приквел ҳисобланган ва узоқ йиллардан бери кутилган «Қудрат узуклари» сериали қизғин муҳокамаларга, кўплаб шов-шув ва жанжалларга сабаб бўлди. Қора танли эльфлар, баъзи ўринларда адабий элементларга ҳурматсизлик, 2000 йиллар бошида Питер Жексон томонидан суратга олинган трилогия эффектини ўринсиз кутиш ортидан сериалга кўплаб танқид тошлари отилди.

Лекин мен бу фикрларга, танқидларга қўшилмаган бўлардим. Мен бу сериални яқинда кўрдим, яна қайта-қайта кўряпман. Чунки ўзим толкинистман, Толкин ижодини ҳаваскорлик даражасида ўрганаман. Қолаверса, Толкин китобларини коллекция қиламан. Шундай экан, бу мен учун шунчаки сериал ёки шунчаки лойиҳа эмас. Айни вақтда, Толкиннинг адабий меросини экранга кўчириш доимо қалтис ва айни вақтда қизиқарли масала бўлган, деб ҳисоблайман.

Ҳозир 2000 йиллар боши эмас, биз ҳозир умуман бошқа даврда, контент истеъмол қилиш демографияси ўзгарган бир замонда яшаяпмиз. Аввал фақат маълум бир бозор учун мўлжалланган локал лойиҳалар, сериаллар бугунги кунда дунё шартларига мослашишга ҳаракат қиляпти, шу сабабли ҳам биз экранда қора танли ёки сочи калта эльфларни, замон талабларига мос бошқа сиймоларни кўряпмиз. Назаримда, 2022 ё 2023 йилда экранга чиқаётган лойиҳаларда 2000 йиллар бошидаги эффектни кутиш умуман ноўрин.

«Узуклар ҳукмдори: Қудрат узуклари» сериалини оригинал «Узуклар ҳукмдори» фильмларининг барча мухлисларига тавсия қиламан. Ўртаер ёки Ўрта Дунё тупроқлари бўйлаб саёҳат қилиш, сеҳрли мавжудотлар билан учрашиш, қадимги эльфлар, гномлар ва Ўрта Дунёнинг бошқа халқлари маданиятига шўнғишни, умуман, Ўрта Дунё тарихини экранларда кўришни истаган томошабинлар учун мўлжалланган сеҳрли сериал бу.

Эҳтимол сюжет ёки актёрлар ижроси баъзи томошабинларни, юмшоқ қилиб айтганда, хушнуд этмас. Лекин визуал графикадан, декорациялардан лол қолишингиз 100 фоиз кафолатланган.

Ҳамма кўриши тавсия этиладиган фильм ва сериаллар