Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар қилди «Газета.uz»га ҳукуматдаги манбаси.

Ҳужжат билан президентнинг 2022 йил 31 майдаги ПФ-145-сон ва 2023 йил 23 мартдаги ПФ-41-сон фармонларида кўрсатилган товарларга импорт божхона божининг ноль ставкасини қўллаш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Булар янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти, балиқ, сут, сариёғ, тухум, банан, цитрус мевалар, пиёз ва бир қатор сабзавотлар, қаҳва, чой, ўсимлик ёғи, ун, дон, макарон, хамир маҳсулотлари, сув, соч учун воситалар, болалар кийимлари ва бошқалар ҳисобланади (тўлиқ рўйхатни ҳаволалар орқали кўриш мумкин).

Фармонда ёзилишича, 0105-товар позициясида кўрсатилган янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлар (ТИФ ТН коди 0207) ва кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган кунгабоқар, махсар ёки пахта мойи ва уларнинг фракцияларини (1512) олиб киришда ҳам божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.

2024 йил охиригача икки баравар божхона тўлови ставкаси савдо-иқтисодий муносабатлари бўйича энг қулай давлат режими таъминланмаган мамлакатлардан келтирилган товарларга нисбатан қўлланмайди.

Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясига 1 февралга қадар ички бозорда шакар нархи кескин ўзгаришининг олдини олиш ва ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш бўйича Президент администрациясига таклифлар киритиш топширилди.

Бундан ташқари, комиссия 1 октябрга қадар қўлланадиган имтиёзлар самарадорлигини баҳолаши ва уларни давом эттириш бўйича таклифлар тайёрлаши керак.