«Еттилик»га айлантирилаётган «бешлик тизими» Ўзбекистонда «эшитувчи давлат» концепциясини амалга ошириш мақсадида яратилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Аввалроқ маҳаллалардаги раис, ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторидан иборат «бешлик» «еттилик»га айлантирилгани ҳақида ёздик — улар сафига солиқ ходими ва ижтимоий ходим ҳам қўшилди.

«Халқни рози қилишимиз учун маҳаллалардаги муаммоларни билиб туришимиз керак. Ҳозир ["беш"] „еттита“ бўлади. „Еттилик“ маҳалладаги вазиятни билиши керак… Агар битта ҳоким ёрдамчиси бир ойда 5 тагина одамни иш билан таъминласа, ёшлар фаоли 5 тагина боланинг дунёқарашини ўзгартирса, худди шундай, аёллар билан [ишланса], улар сони туман миқёсида қанча бўлади? Ўзбекистон тажрибасини, „эшитувчи давлат“ деган иборани амалда бажарамиз десак, бизга тажрибали, фидойи маҳалла раислари керак», — деди у.

маҳалла, шавкат мирзиёев

«Одамларнинг бизга берган ишончини оқлаймиз десак, бизни битта нарса қутқаради — садоқат, ватанга муҳаббат ва фидойилик», — деди президент.

«Битта нарсани билинглар: ҳамма нарса ижро органи раҳбарларига боғлиқ. Қаерда ҳоким фидойи бўлиб, ўзини қийнаб, бу масаланинг ичига, тўртта секторни (ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва солиқ хизмати бошлиғи секторлари — таҳр.) ишлатса, маҳаллага тушса… Маҳалла раисларини ўз устида ишлашига замоннинг ўзи мажбур қилади. Туман ҳокимлиги ўзи нима учун керак? Маҳалла тизими, ишини таъминлаш учун керак. Бу тизим маҳаллага етиб бориши керак», — дейди у.

Давлат раҳбари барча давлат хизматчилари учун ягона ҳакам халқ эканини таъкидлади.

«Биз тизим яратиб бердик. Биз [маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун] кенгаш тузяпмиз. Такрор айтаман, биз фақат ва фақат халқимизни, ватанимизни севишимиз керак. Ватанимиз — янги Ўзбекистонимиз барқарорлигига барчамиз ҳиссамизни қўшишимиз керак», — деди президент.

Мазкур йиғилишда Маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари жорий этилиши айтиб ўтилди. Республика кенгашига — бош вазир, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгашлар «маҳалла еттилиги» қўйган масалаларга ечим топади, молиявий манбаларини ҳал қилиб беради.

Таъкидланишича, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади.

«Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.