27 декабрь куни Самарқанд шаҳрида шахматнинг рапид тури бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи куни бўлиб ўтди. 9 тур якунларига кўра, Ўзбекистон шахматчилари ўз позицияларини яхшилаган бўлса-да, турнир пешқадамларидан ортда қолмоқда, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Видит Гужрати и Магнус Карлсен. Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz.Видит Гужрати и Магнус Карлсен. Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz.

Икки кун якунларига кўра, эркаклар ўртасида пешқадамликни рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, 2023 йилдан буён Словения шарафини ҳимоя қилаётган россиялик Владимир Федосеев ва хитойлик гроссмейстер Юй Янъи бўлишиб турибди. Уларнинг ҳар бирида 7 тадан очко бор.

Кунни ҳиндистонлик Видит Сантош Гужрати устидан ғалаба билан бошлаган Карлсен қолган учта ўйинда дуранг билан кифояланди.

Яна 13 нафар шахматчи 6,5 очко билан пешқадамларни таъқиб қилмоқда. Улар орасида мусобақа олдидан тайёрлаган шарҳимизда тилга олинган ҳиндистонлик Аржун Эрийгаси ва россиялик Даниил Дубов ҳам бор.

Бошқа шахматчилар орасида россиялик Ян Непомняший, АҚШлик Фабиано Каруана ва Левон Аронян 6 очкодан жамғарган. Биринчи кунни яхши бошлаган руминиялик гроссмейстер Рихард Раппорт иккинчи кунни 2/4 ҳисоби билан якунлади ва умумий 5,5 очко тўплади.

Нодирбек Абдусатторов.Нодирбек Абдусатторов.

Олтинчи ва еттинчи турларда дуранг натижа қайд этган Нодирбек Абдусатторов кейинги иккита ўйинда ғалаба қозонди, ҳозир у 6 очко билан 29-ўринда бормоқда. Жаҳонгир Воҳидовда ҳам худди шундай натижа — у турнирнинг иккинчи кунида топ гроссмейстерлар Аниш Гири ва Доммаражу Гукеш устидан ғалаба қозониб, 27-ўринга кўтарилди.

афруза ҳамдамова, жаҳонгир воҳидов, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати, шахмат

Муҳиддин Мадаминов.

Ўзбекистонлик халқаро мастер Муҳиддин Мадаминов ҳам ажойиб натижа кўрсатиб, кетма-кет учта гроссмейстерни мағлуб этди ва 5,5 очко жамғариб, 57-ўринга кўтарилди. Унинг ҳиндистонлик гроссмейстер Сурья Гангули билан ўйини қизиқ бўлди — саккизинчи юришда тажрибали гроссмейстер очилишдаги (ўйиннинг дастлабки қисми) энг оддий ва машҳур тузоқлардан бири бўлган «болаларча мот» билан таслим бўлди.

Скриншот: YouTube / Levitov ChessСкриншот: YouTube / Levitov Chess

Биринчи кунда ўзбекистонлик гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидовни мағлуб этган россиялик 8 ёшли Роман Шогжиев иккинчи кунни норвегиялик гроссмейстер Юхан-Себастьян Кристиансен устидан қозонилган ғалаба билан бошлади.

Анастасия Боднарук.Анастасия Боднарук.

Аёллар ўртасидаги мусобақада россиялик халқаро мастер Анастасия Боднарук якка пешқадамлик қилди, у турнирни 51 старт рақами билан бошлади ва йиғиш мумкин бўлган 8 очкодан 7 очко жамғарди.

Ҳиндистонлик Хампи Конеру ва хитойлик Мо Чжай ҳисобида 6,5 очко бор.

Афруза Ҳамдамова.Афруза Ҳамдамова.

Яқинда 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Ўзбекистон вакили Афруза Ҳамдамова яхши натижаларни кўрсатишда давом этмоқда. У иккинчи куннинг биринчи даврасида мағлуб бўлди, кейин эса украиналик собиқ жаҳон чемпиони Анна Ушенина билан дуранг ўйнади ва иккита ғалабага эришди. Саккиз турдан кейин у 4,5 очко билан 43-ўринни эгаллаб турибди.

Биринчи кун якунига кўра турнир жадвалининг кучли бешлигидан жой олган ўзбекистонлик Умида Омонова иккинчи куни кетма-кет тўртта ўйинда мағлубиятга учради ва 68-ўринга тушиб кетди.

Умида Омонова.Умида Омонова.

Рапид бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги ўйинлари 28 декабрь куни соат 14:00 да бошланади. Эркаклар ва аёллар ўртасидаги турнирда ҳали яққол етакчи йўқ. Очиқ турнирда тўртта, аёллар мусобақасида эса учта тур қолди, шу боис чемпионатнинг якуний натижаси ноаниқлигича қолмоқда, ҳали ҳам кўп шахматчиларда ғалаба қозониш имконияти мавжуд.

9 турдан сўнг эркаклар ўртасидаги турнир жадвали

афруза ҳамдамова, жаҳонгир воҳидов, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати, шахмат

Тўлиқ жадвал

8 турдан сўнг аёллар ўртасидаги турнир жадвали

афруза ҳамдамова, жаҳонгир воҳидов, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати, шахмат

Тўлиқ жадвал