Италияда шахмат бўйича ўтказилган 14 ёшгача қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Афруза Ҳамдамовани 26 ноябрь куни кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда президент ёрдамчи Саида Мирзиёева хабар берди.

афруза ҳамдамова, шахмат

«Қизалоқнинг бош мураббийи — отаси Акбар ака Ҳакимовга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Қизингизнинг истеъдодини ривожлантиришга куч ва вақтингизни аямаганингиз учун ташаккур», — деб ёзади Мирзиёева.

Ёшлар ишлари агентлигининг маълум қилишича, Ёшлар пресс клубида Афруза Ҳамдамовага 100 миллион сўм, мураббийига эса 50 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.

афруза ҳамдамова, шахмат

Мамлакат ўсмирлар ўртасидаги шахмат тарихида Нодирбек Абдусатторов (2012 йил, 8 ёшгача тоифа) ва Шамсиддин Воҳидов (2015 йил, 14 ёшгача) жаҳон чемпионатларида классик назоратда ғолибликни қўлга киритган. Ўзбекистонлик қизлар ўртасидаги бундай чемпионатларда ҳалигача олтин медаль олинмаганди. Шу тариқа Афруза Ҳамдамова Ўзбекистон тарихида шахмат бўйича биринчи аёл жаҳон чемпиони бўлди. Бунгача ўсмирлар ўртасида Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Баҳора Эгамбердиева вице-чемпион бўлган.