20 сентябрь куни Халқ депутатлари Шўрчи тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Алимов Ботир Тўраевич бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан туман ҳокими вазифасидан озод қилинди, дея хабар қилди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Шу кунгача вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Худойберганов Бахтиёр Ҳайитович Шўрчи тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Бахтиёр Худойберганов (1976 й. т.) фаолияти давомида Музработ тумани ҳамда Термиз шаҳар ҳокимликлари молия бўлими мудири, 2017 йилдан вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов ва Қумқўрғон туманларида ҳам янги ҳокимлар тайинланди. Ўтказилган барча Халқ депутатлари туман кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида вилоят ҳокими Тўра Боболов, туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди.